Қирғизистон халқаро рейсларни биринчилардан бўлиб Россия, Туркия билан қайта тиклайди

455

Бош вазир Қубатбек Боронов Қирғизистонда эпидемиологик вазият барқарорлашса биринчи навбатда Россия, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликлари билан бўлган халқаро рейслар тикланишини айтди. У халқаро авиарейсларни жонлантириш бўйича штабнинг қарори бор эканини қўшимча қилди.

«Ташқи рейслар икки тарафдан ҳал қилувчи масала. Ҳозирги вақтда махсус хизматлар, Ташқи ишлар вазирлиги бошқа давлатлар билан аввалги амалга ошириб келинган рейсларнинг қайси бири биринчи бўлиб тикланишини аниқлашмоқда» — деди у.

Қирғизистон 15-июндан бошлаб халқаро рейсларни қабул қилишга тайёр эканини билдирган.

Қирғиз ҳукумати коронавирус сабабли 20-мартда барча халқаро рейсларни тўхтатган. Аммо чет элдаги қирғизистонликларни юртига олиб келиш учун уюштирилган чартер рейсларга рухсат берилган. Бунга қадар Россия, Бирлашган Араб амирлиги, Туркия каби бир қатор мамлакатлардан қирғизистонликлар самолёт билан қайтарилган.

Муаллиф: Расул Усоналиев