Қирғизистонда коронавирусдан вафот этганлар 30-июлда хотирланади

379

Президент Сооронбай Жээнбеков 30-июлни Миллий мотам куни деб эълон қилиш тўғрисидаги фармонга қўл қўйди.

Унга кўра, бу кунда маданият идораларига ва телерадиокомпанияларга кўнгил очар тадбирларни ҳамда дастурларни тўхтатиш тавсия қилинади. Бундан ташқари Қирғизистоннинг барча ҳудудида, шунингдек чет ўлкадаги дипломатик ҳамда консуллик вакилликларнинг биноларидаги байроқ пастга туширилади.

Қирғизистонда 27-июлга келиб коронавирус 33 296 кишига юқиб, у 1301 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Айни вақтда 21 205 киши касалликдан тузалди. Қирғизистонда 17-июлдан бошлаб коронавирус ва касалхонадан ташқари пневмониянинг статистикалари бирлаштирилди. Чунки, ҳукумат пневмонияни коронавирус пайдо қилаётганини тан олди.

Аввалроқ қўшни Қозоғистонда ҳам коронавирусдан вафот этганларни хотирлаш — Миллий мотам куни 13-июлда нишонланганди.

Муаллиф: Расул Усоналиев