Қирғизистоннинг Жанубий Кореядаги собиқ элчиси Қиличбек Султан МХДҚга чақирилди

365

Қирғизистоннинг Малайзиядаги ва Жанубий Кореядаги собиқ элчиси Қиличбек Султан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан сўроққа чақирилди. Бу ҳақда Султан ўзининг Фейсбук саҳифасида маълум қилди.

Сўроқ бугун, 23-июлда, соат 9:00 га белгиланган. Собиқ элчининг сўзларига кўра, у гувоҳ сифатида чақирилган.

Султаннинг МХДҚнинг чақируви «Сооронбай Жээнбековга - ИМПИЧМEНТ» номли норозилик акциясига чақириқлар ҳақидаги фейсбукдаги пости сабаб бўлиши мумкин. Митингни ўтказиш 5- августга режалаштирилган.

Ўз постида Султан норозилик митингининг асосий талаблари «бефарқ бўлмаган фуқароларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда, Ташаббусчи гуруҳ томонидан келишиб олинади» деб билдирган. Собиқ элчининг айтишича, «ташаббус гуруҳи» таркиби фаол фуқаролар ва сиёсатчилардан иборат.

Қиличбек Султан 2017-йилнинг октябрь ойида Қирғизистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси этиб тайинланган. Бир йил ўтгач, президент Ташқи ишлар вазирлигининг таклифига биноан Султонни ишдан бўшатган. Бунга собиқ элчининг идорадаги бир нечта қонунбузарликларни ошкор қилгани сабаб бўлган.

МХДҚ Қиличбек Султанни биринчи марта сўроққа чақираётгани йўқ — аввалроқ у 2019-йили собиқ президент Алмазбек Атамбаев билан учрашгандан кейин гувоҳ қатори тергов қилинган. Махсус хизматдан Султан аввал қўзғалган жиноят иши бўйича гувоҳ қатори чақирилганини билдиришган. Аммо МХДҚ қайси жиноят иши ҳақида сўз бўлаётгани бўйича аниқ билдирмаган.

Собиқ элчи қирғиз тилли «Супер-Инфо» газетасининг собиқ эгаси. Бу газетани финпол солиқ тўлашдан қочганликда айблаган. Аммо суднинг қарори билан газета оқланган. 2019-йилнинг май ойида эса ижтимоий тармоқларда Султан нашрни божхона етакчисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовга сотгани ҳақида гап тарқаган. Султан ўзи буни инкор қилган.