Республика штаби COVID-19га чалинган яна 34 нафар бемор вафот этганини 20-июлда билдирди. Касалликдан Бишкек шаҳрида 20 киши вафот этди.
Бундан ташқари Ўш ва Жалолобод вилоятларида тўрт нафардан, Норин вилоятида уч, Чуй вилоятида икки ва Ўш шаҳрида бир бемор вафот этди.
Бу статистикага коронавирус инфекцияси аниқланмаган, аммо касалхонадан ташқари пневмония сабаб вафот этган беморлар ҳам кирди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бунга қадар COVID-19 ҳамда пневмонияга чалинган фуқароларнинг ҳисобини алоҳида олиб борган. Кейинчалик ҳукумат пневмонияни COVID-19 юзага келтиришини тан олди.
Жами бўлиб Қирғизистонда касалликдан 1037 киши вафот этди — уларнинг орасида ўнлаб тиббиёт ходими бор.
Мамлакатда коронавирус билан касалланганларнинг сони 27 143га етди, уларнинг ичидан 13 109 нафар бемор соғайди.