Соғлиқни сақлаш жамоат бошқармасининг етакчиси Айнура Акматова 16-июлга келиб Қирғизистонда бир суткада коронавирус яна 96 тиббиёт ходимида аниқланганини хабар қилди. Етти шифокор эса ўпка касалидан соғайиб, уйларига чиқарилди.
Касалликка Бишкек шаҳридан — 42, Чуй вилоятидан — 18, Ўш шаҳридан — 7, Жалолобод ва Боткен вилоятларидан беш нафардан шифокор чалинган.
Шу билан коронавирус юқтирган тиббиёт ходимларининг умумий сони 2076га етиб, уларнинг 583 нафари коронавирусдан соғайди. Расмий статистика бўйича коронавирус юқтириб вафот этган шифокорларнинг сони — олти.
Шунингдек коронавирус мамлакатда тарқалгандан бери пневмония билан хасталанганларнинг ва вафот этганларнинг сони ҳам ўсди. Пневмониядан вафот этганлар орасида шифокорлар ҳам бор. 6-июлда Миллий госпиталнинг юқори категориядаги нейрохирурги, хизмат кўрсатган шифокор Бектемир Мукамбетомуров икки томонлама пневмониядан вафот этган.
Ҳукумат етакчиси Кубатбек Боронов пневмонияни коронавирус келтириб чиқараётганини тан олди. Аммо шунга қарамай коронавирус ва пневмониянинг статистикаси алоҳида олиб борилмоқда.
Депутат Дастан Бекешев ҳукумат статистикаларни алоҳида ҳисоблаётганини тиббиёт ходимларига тўланувчи компенсация билан боғлайди.
Ҳукумат иш вақтида коронавирусни юқтирган шифокорларга 200 минг сом, вафот этган тиббиёт ходимларининг оиласига эса 1 млн сом компенсация тўлаб берилгани маълум.
Товон тўлашдан аввал Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қошидаги комиссия инфекция юқтириб олган шифокорларнинг ҳар бир ҳолатини ўрганади.