Қирғизистонда яна 125 тиббиёт ходими коронавирусга чалинди — умумий 1781 ҳолат қайд этилди

415
Иллюстратив сурат

Жамоат соғлиқни сақлаш бошқармасининг етакчиси Айнура Акматова 13-июлдаги брифингда билдиришича, ўтган суткада коронавирус яна 125 тиббиёт ходимидан аниқланди. Шунингдек саккиз тиббиёт ходими касалдан тузалиб, касалхонадан чиқарилди.

Касалга чалинган шифокорларнинг деярлик ярми Бишкек шаҳрида қайд қилинган — 63. Бундан ташқари Ўш шаҳрида — 16, Боткен вилоятида — 13, Ўш вилоятида — 10, Чуй ва Иссиқкўл вилоятида етти нафардан, Жалолобод вилоятида беш, Талас ҳамда Норин вилоятларида икки нафардан тиббиёт ходимида COVID-19 аниқланди.

Шу билан коронавирус юқтириб олган тиббиёт ходимларининг сони 1781га етди — уларнинг орасида шифокорлар, ҳамширалар ва кичик медперсонал бор. Жами бўлиб эса 560 ходим касалликдан шифо топди.

Акматованинг айтишича коронавирус юқтирган беш тиббиёт ходими — тўрт шифокор ва бир ҳамшира — вафот этган. Аммо ҳақиқатда COVID-19дан ва пневмониядан вафот этган шифокорларнинг сони бундан ҳам кўп.

Инфекцияга чалинган шифокорлар 200 минг сом, вафот этган тиббиёт ходимларининг оилалари эса 1 млн сом компенсация олишга ҳақли. Аммо пул кимга берилишини махсус комиссия ҳал қилади.