Шу кунга қадар коронавирус ва пневмониядан 36 бемор вафот этди

306

Республика штаби Қирғизистонда коронавирус юқтирган яна ўн нафар бемор вафот этганини маълум қилди. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан «Клооп»га билдирилишича, бундан ташқари, 26 киши  пневмония билан вафот этган – бунда ҳам  ўхшаш симптомлар бор, аммо коронавирусга топширилган тест тасдиқланмаган.

Коронавирус юқтириб вафот этганларнинг ёши 35дан 81 ёшгача бўлмоқда.

Улар:

Бишкекдаги Республика юқумли касалликлар клиник касалхонасидан – 4 бемор (3 эркак - 64 ёшда, 66 ёшда, 69 ёшда ва 64 ёшдаги аёл);

Ўш вилоятидаги Новқат ҳудудий касалхонасидан  – 1 бемор (60 ёшдаги эркак);

Чуй вилоятидаги Жайил ҳудудий касалхонасидан – 1 бемор (80 ёшдаги аёл);

Чуй вилоятидаги Москва ҳудудий касалхонасидан – 1 бемор (35 ёшдаги эркак);

Чуй вилоятидаги Тўқмоқ ҳудудий касалхонасидан – 1 бемор (59 ёшдаги аёл);

Чуй вилоятидаги Иссиқота ҳудудий касалхонасидан  – 1 бемор (62 ёшдаги аёл);

Норин вилоятидаги Қўчқор ҳудудий касалхонасидан – 1 бемор (81 ёшдаги эркак).

Шу билан коронавирусни юқтириб вафот этган беморларнинг сони 88 нафарга етди. Расмий маълумотга кўра, уларнинг орасида беш тиббиёт ходими бор. Ҳукумат иш вақтида коронавирусни юқтириб, вафот этган тиббиёт ходимининг оиласига 1 млн сом компенсация тўлаб беради.

Коронавирус туфайли вафот этганларнинг энг кўпи Бишкек шаҳрида қайд этилди  — 29 ҳолат. Ўш ва Чуй вилоятларида COVID-19дан 17 нафардан бемор вафот этди. Шунингдек Ўш шаҳрида тўққиз, Норин вилоятида етти, Жалолобод вилоятида олти, Баткен ҳамда Талас вилоятларида бир нарфардан бемор вафот этди.