Парламент сайлови - 2020. У қандай ўтади?

437

Марказий сайлов комиссиясининг етакчиси Нуржан Шайлдабекова сайловда барча санитария нормалари сақланишини, сиёсий партияларда эса парламент сайловига қатнашиш учун билдирув топширишга ўн кун вақтлари бўлишини айтди.

«Биринчи навбатда фуқароларнинг хавфсизлиги ҳисобга олинади», — деди у.

Шайлдабекова «Озодлик» радиосининг қирғиз хизматига берган интервьюсида сиёсий партиялар 24-августгача Марказий сайлов комиссиясига номзодларнинг рўйхати ва бошқа зарур ҳужжатларни тақдим этишлари зарурлигини хабар қилди. Партияларни рўйхатга олиш 3-сентябрда тугаб, 4-сентябрда эса тарғибот кампанияси бошланади.

У сайлов даврида эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда барча санитария талабларига риоя қилинишини таъкидлади.

Шунингдек, «махсус алгоритм ҳам ишлаб чиқилган. Сайлов куни алоҳида эътибор берилади»,—деди у.

Сайловга қатнашиш учун ариза топширишга 10 кун берилади

Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Абдижапар Бекматов 24.kgга берган интервьюсида, сайловда қатнашишга қарор қилган сиёсий партиялар ўз аризаларини 10 кун ичида (3-июль ҳам дохил) МСКга тегишли аризаларни бериб, комиссияга сайлов ва молиявий масалалар бўйича вакилларини юборишикераклигини билдирди.

«Сайлов кунидан қирқ кун олдин партиялар съезд ўтказиши керак, унда депутатликка номзодлар рўйхати тузилади. Шунингдек, партиялар сайлов фондини тузиб, беш миллион сом миқдорида омонат беришлари керак»,— деди Бекматов.

У агар талаблардан бири ҳам бажарилмаса, унда партия рўйхатга олинмаслигини таъкидлади.

Бундан ташқари, Бекматов  партиялар мамлакатдаги эпидемвазият сабабли концертлар уюштириб, сайловчиларни спорт майдонларига тўплаши мумкин эмаслигини таъкидлади, чунки оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланган.

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков 3-июлда «Қирғизистон Республикасининг Жогорку Кенеш депутатларини сайловини тайинлаш тўғрисида»ги қарорга имзо чекди.

Фармонга кўра, парламент сайлови 4-октябрга тайинланди. Сайловни уюштириш ишларини МСК таъминлайди.

Аввалроқ президент Сооронбай Жээнбеков  «Қирғизистон Республикасининг Жогорку Кенеш депутатларини сайловини тайинлаш тўғрисида»ги қарорига киргизилган тузатишларга қўл қўйган. Унга кўра, энди сайлов бўсағаси 9дан 7 фоизгача озайтирилди.