Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида турмуш ўртоғини хўрлаган киши 2-июлда суд залидан бўшатилди. Бу ҳақда «Справедливость» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотидан билдиришди.
Такшилотдан маълум қилинишича, айбланувчи икки йилга шартли кесилган.
Бунга қадар 12-июнда ижтимоий тармоқларда турмуш ўртоғининг бўйнига тош солинган икки ғалдиракни илиб, қўлини орқасига боғлаб, устига сув сочиб, юзига муштлаётган кишининг видеоси тарқаган.
Воқеа жамоатчиликда мунозараларга сабаб бўлиб, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари зўравоннинг жазо олишини талаб қилишган. 14-июнда бу бўйича @tajadymm инстаграм саҳифасида оилавий зўравонликка қарши минглаган одам иштирокида онлайн-митинг ҳам ўтган.
Шунингдек фуқаровий фаоллар 15-июнда сузоқлик аёлни қўллаб, Жогорку Кенеш биносининг олдида зўравонликка қарши пикетга чиқишган. Аммо тинчлик акцияси милиция ходимлари тарафидан тарқатилган. Ҳуқуқ тартибот органлари буни «мамлакатда эпидемиологик вазият оғирлигича қолаётгани» билан асослашган.
Фаоллар карантин қоидаларини бузмаслик учун бир кишилик пикетга чиқишни давом эттиришган.
Масала Жогорку Кенешда кўтарилиб, депутат Исхак Пирматов оилавий зўравонлик учун жазони кучайтиришни таклиф қилган. У ишлаб чиққан қонун лойиҳасига кўра, оилавий зўравонликка ва ҳимоя ордерининг шартларини бажармасликда гумонланганлар хатто тарафлар ярашган вақтда ҳам жавобгарликдан қутилиб кета олишмайди.
18-июнда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда мақулланиб, унга 86 нафаргина депутат овоз берган.
Жабрланувчи эса қарши ариза ёзиб, «турмуш ўртоғини кечирганини» айтган. Аммо милиция бунга қарамай терговни давом эттириб, 19-июнда иш судга ўтказилиб берилган эди.