Чуйда ёш болалар такси ҳайдовчисини дарахтга боғлаб тўнаб кетишди  — ИИВ

346

ИИВнинг матбуот хизмати июнь ойининг бошида милиция Чуй вилоятининг  Аламудун туманида таксининг ҳайдовчисига ҳужум қилишга гумонланган олти кишини қўлга олганини билдирди.

Ҳуқуқ тартибот органи ходимлари шубҳалилар жиноят қилишда ролларни бўлиштириб, аввалдан гаплашиб олиб ҳаракат қилишганини аниқлашган.

30-майга ўтар кечаси бир неча бола Бишкекда таксига ўтириб, ҳайдовчини Аламудун туманидаги қишлоққа етказиб қўйишни илтимос қилган. Улар Баш-Кара-Суу қишлоғининг чет қисмидан такси ҳайдовчисини тўппонча билан қўрқитиб, ҳайдовчининг бор пулини ва телефонини тортиб олишган.

«Ҳужум қилганлар ҳайдовчини дарахтга боғлаб, “Тойота Авенсис” русумидаги машинасини ҳайдаб қочган. Жабрланувчи эрта билангина бўшана олган — уни яқин ердан ўтиб бораётган одам кўриб қолган», — деб ёзади муассасанинг матбуот хизмати.

Автомобил кейинчалик Тўқмоқ шаҳрининг ҳудудидаги гараждан топилган. У милиция ходимлари тарафидан буюм далил қатори олинган. ИИВнинг маълумотига кўра, гумонланувчилар машинани парчалаб, эҳтиёт қисм қатори сотишни кўзлашган. Улар қўлга тушиш олдидан машинанинг ғилдиракларини сотиб юборишга улгурган.

«Қароқчилик» моддаси бўйича рўйхатга олинган жиноятга алоқаси бор деган гумон билан криминал милициянинг тезкор гуруҳи олти кишини қўлга олиб, вақтинча ушлаб туриш изоляторига киргизди. Милициянинг маълумотига кўра, «қўлга олинган жиноий гуруҳнинг ҳар бир иштирокчиси жиноят қилишла ўзлари аниқлаб олган ролларни бажарган».

Терговчилар шубҳалиларнинг баъзи бири такси ҳайдовчисига ҳужум қилиб, машинани ҳайдаб қочган бўлса, иккинчилари уни кутиб олиб гаражга қўйишганини аниқлашган.

Милиция судгача тергов ишини давом эттириб, жиноятнинг бошқа иштирокчилари қўлга олиш бўйича чораларни кўрмоқда.