Ўтган кун давомида коронавирус билан касалланган яна бир бемор вафот этди. Жами бўлиб, Қирғизистонда COVID-19 ташхиси қўйилган 30 киши вафот этди.

353

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, ўтган куни Жалолобод вилоятида коронавирус билан касалланган 1984 йилда туғилган эркак вафот этган.

«Бу йигит 11-июнда дафн маросимига қатнашиш учун Жалолобод вилоятига Бишкек шаҳридан борган. Ўша ердан касалнинг аломатлари чиқиб, Жалолобод вилоятидаги касалхонага мурожаат қилган.  12-июндан инфекция бўлимига ўтказилиб, ўша ердан даволаниш бошланган. Аммо кундан-кунга соғлиги ёмонлашиб, даволаш натижа бергани йўқ. Реанимация ҳаракатлари ҳам амалга оширилган. Шунга қарамай бу бемор кеча вафот этди», — деди Усонбаев.

Усонбаевнинг айтишича, вафот этган беморда Бишкек шаҳридаёқ коронавируснинг белгилари бўлган, аммо у касалхонага мурожаат қилмаган.

Шу билан COVID-19дан вафот этган беморларнинг сони ўттиз нафарга етди. Кеча, 16-июнда коронавирусни юқтириб вафот этган икки беморнинг бирини Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий статистикага қўшмай турган эди. Аммо бугун саратон касалидан вафот этган 53 ёшдаги бемор коронавирус юқтириб вафот этганларнинг рўйхатига қайтадан қўшилди.