«Кыргызстан» партиясидаги ўрин алмашувлар — мандатни табиий ресурсларининг собиқ вазири олиши мумкин

455

 «Қирғизистон» партиясининг аъзоси Руслан Чойбеков сайловолди кампаниясига тайёргарлик кўриш учун депутатлик мандатини топширди. Рўйхат бўйича кейинги ўринда турган депутатликка номзод Руслан Молдошев рўйхатдан чиқаётгани ҳақида ёзган.

Энди мандат табиий ресурсларининг собиқ вазири Замирбек Эсенамановга ўтиши керак. У аввал коррупцияда айбланиб, аммо оқланган.

Миллий хавфсизлик хизматининг коррупцияга қарши хизмати 2013 йил апрель ойида Табиий Ресурслар Вазирлигини текшириб чиқиб, Эсенаманов 2010 ва 2011 йиллари вазир бўлган пайтида бир қатор лицензияларни «ноқонуний» берганлигини аниқлаган.

«2011 йили Эсенаманов бош бўлган ер ости бойликларидан фойдаланиш бўйича комиссия «Кўк-Жанғақ» тош кўмир конини ишлатиш учун ҳукуматнинг тегишли қарорисиз тўртта лицензияни ноқонуний берган», - дейилади МХДҚнинг сайтида.

Идора Эсенамановга қарши «Хизматни суиистеъмол қилиш» ва «Лицензия беришда лавозимидан ноқонуний фойдаланиш» моддалари бўйича жиноий иш қўзғатган.

Собиқ вазир Бишкекнинг Биринчи май туман суди тарафидан оқлангунга қадар бир ярим ойни Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов ҳибсхонасида ўтказган.

Эсенаманов 2010 йил декабрь ойидан бери табиий ресурслар вазири бўлиб келган. У хизматидан президент Алмазбек Атамбаевнинг фармонидан кейин кетган — вазирлик лавозимида ишлаган пайтида унга икки марта танбеҳ берилган, шунингдек уни тоғ-кон тармоғини «зарар етказганлиги» учун танқид қилиб келган геологлар ва инвесторларнинг норозиликларини бир неча бор эшитган.

13 майда депутатлар Жанибек Исаев ва Алмазбек Эргешов ҳам сайловлар олдидан мандатларини муддатдан аввал топширишган. Фракция лидери Алмазбек Баатирбековнинг айтишича, улар октябрь ойида ўтувчи парламент сайловида партиялар рўйхати бўйича боришади.

Уларнинг мандатлари собиқ депутат ва «Умут 2020» ҳаракатининг асосчиси Ширин Айтматова ун мафиясига алоқаси бор деб айблаган Шаршенбек Абдикеримов ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг коррупцияга қарши хизмати директорининг собиқ ўринбосари, Жанибек Жоробековга ўтди.

«Қирғизистон» партияси нима билан машҳур?

«Қирғизистон» партияси 2010 йилда ташкил этилган. 2015 йилдаги парламент сайловида у учинчи ўринни эгаллаб, 120 ўриндан 18тасини олган. Жогорку Кенешга «Қирғизистон» партиясининг мандати бўйича келган Дастан Жумабеков айни пайтда парламентнинг спикери.

2016 йили партиянинг лидери Канатбек Исаев ўша пайтдаги президент Алмазбек Атамбаев билан тортишиб қолган. Исаев президент аппарати таклиф қилган Конституцияга тузатишлар киритишга қарши чиққан. У ўша жанжал боис парламентдаги «Қирғизистон» фракциясининг раҳбарлигини қўлдан чиқарган.

Кейинчалик, сайловолди ташвиқоти пайтида Канатбек Исаев амалдаги президент Сооронбай Жеэнбековнинг рақиби Ўмурбек Бабановни қўллаб-қувватлаган. Ўша пайтда Исаевга қарши икки жиноий иш қўзғатилган. Исаевга қарши бир жиноий ишни Олий суд жиноят аломати йўқлиги учун ёпиб, иккинчисини тўхтатиб қўйган.