Чегара хизмати: Баткеннинг турғунига тожикистонлик номаълум шахслар ўқ отди

416

Қирғизистон давлат чегара хизмати 2 июнь куни Баткен вилоятининг Эки-Таш ҳудудида Тожикистон тарафдан номаълум фуқаролар Ўш — Исфана йўлида бораётган қирғизистонлик ҳайдовчига бир неча марта ўқ отишганини хабар қилди.

Пресс-релизда воқеа тахминан тунги соат 1:20да бўлгани ёзилган. Натижада 38 ёшдаги Баткеннинг турғуни енгил жароҳат олиб, Самрқандек қишлоғидаги касалхонага етказилган.

Шундан кейин икки тарафнинг ҳуқуқ тартибот органларининг вакиллари учрашиб, воқеа бўйича текширув ўтказилган. Чегара хизматидан ҳозирда вазият «барқарор» деб белгилашди.

Чегара можаролари

Бундан икки куни аввал Баткеннинг Қадамжой туманидаги қирғиз-ўзбек чегарасига яқин яшаган маҳаллий икки халқ турғунлари ўртасида жанжал чиқиб, унда 25 нафар қирғизистонлик ва 16 ўзбекистонлик жабрланган. Жанжал аниқланмаган ҳудудда жойлашган Чашма булоғидаги сув талашидан келиб чиққан.

1 июнь куни воқеа жойида Қирғизистоннинг бош вазир ўринбосари Кубатбек Боронов Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан учрашиб, сўзлашувларни ўтказган. Шундан кейин Боронов Қадамжой туманидаги чегарадош қишлоқдагиларнинг аҳолиси билан учрашиб, уларнинг мурожаатлари бўйича тегишли ишлар ўтказилишини ваъда қилган.

Аввалроқ эса вилоятнинг Кўк-Тош қишлоғида яйлов масаласи сабаб Қирғизистоннинг ва Тожикистоннинг фуқаролари ўртасида тортишув юз бериб, у отишмага айланиб кетган. Натижада тўрт қирғизистонлик — уч нафар чегарачи — ҳамда икки тожикистонлик ярадор бўлган.

Ярадор бўлган қирғизистонлик аскарлардан бири оғир аҳволда бўлгани учун унга жарроҳлик амалиёти қилиш керак бўлган. Шу боис уни 1 июнда Москва шаҳридаги ҳарбий касалхонага кўчиришди.