Бишкекдаги юқумли касалликлар шифохонаси карантинга ёпилади — Соғлиқни сақлаш вазирлиги

317

Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурболот Усонбаев юқумли касалликлар шифохонасини карантинга ёпиш ҳақида буйруқ тайёр эканини билдирди.

«Инфекция касалхонасини юкланган ишидан бир оз бўшатиш қарори қабул қилинди: у ердаги беморларнинг барини чиқариш, дезинфекция тадбирларини ўтказиш, тиббиёт ходимларини обсервациясига вақт бериш, сўнгра мазкур чоралардан кейин касалхонанинг ишини жонлантириш», — деди Усонбаев.

COVID-19га чалинган беморларни даволаш учун бошқа касалхоналарда ўринлар тайёрланмоқда. Амалдор шу мақсадда қирғиз-турк касалхонаси очилиши мумкин деб билдирди. Туркия бу касалхонанинг фойдаланишга аввалроқ рухсат берган, аммо уч ойдан бери касалхона коронавирусга чалинганларни даволаш учун очилмай келган.

«Бошқа касалхоналарда койкалар тайёрланди, олтинчи касалхона [беморларни] қабул қилмоқда, темир йўл касалхонаси ҳам режалаштирилмоқда. Барча койкалар белгиланган. Қирғиз-турк касалхонаси шу вақтга тайёрланди, биз йўналишини ўзгартириб, барча даволаш чораларини таъминлай оламиз», — деб билдирди вазирнинг ўринбосари.

Пандемия даврида инфекция касалхонасининг 19 шифокорида коронавирус аниқланган. Муассасанинг беш шифокори, беш ҳамшира ҳамда тўққиз кичик тиббиёт ходими коронавирус юқтириб олган. Бундан ташқари, бу касалхонада COVID-19 юқтириб олган энг оғир аҳволдаги беморлар ётибди.

Усонбаев коронавирус юқтириб олган шифокорлар дам олишсиз, куну тун ишлашган деб билдирди.

Бунга қадар касалхонанинг бош шифокори ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассасани ёпишни ваъда қилганини айтган.

«Биз учун бу катта фожиа. Аввал бизда психологик ҳолат яхши эди, аммо шуларнинг бари юз бергандан кейин, албатта аввалгидек бўлмай қолди. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан биз ўзимизга келиб олмагунча бизнинг касалхонага ётқизишни вақтинча тўхтатиб туришни ваъда қилишган», — деб билдирган касалхонанинг бош шифокори Гулжигит Аалиев.