Қирғизистонда коронавирус юқтириб олганларнинг сони 1662га етди

506
Сурат: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурболот Усонбаев 29-майдаги брифингда Қирғизистонда коронавируснинг янги 68 ҳолати қайд этилганини маълум қилди. 

Янги ҳолатларнинг энг кўпи Бишкек шаҳрида қайд этилди — 35, уларнинг 26 нафари Санкт-Петербургдан келган курсант ҳамда уч нафари тиббиёт ходими. Шунингдек коронавирус Россиядан келган 21 қирғизистонликдан аниқланди — 11 хомиладор аёл ва 10 талаба. Чуй вилоятида эса беш, Норин вилоятида тўрт, Ўш шаҳрида икки — унинг бири тиббиёт ходими — ҳамда Баткен вилоятида бир нафардан кишида COVID-19 топилди.

Қирғизистон бўйича коронавируснинг умумий 1662 ҳолати қайд этилди — унинг 330 нафари тиббиёт ходими. COVID-19дан 1088 киши шифо топиб, ўн олти бемор вафот этди. 

Коронавируснинг энг кўп қайд қилингани бўйича биринчи ўринда Бишкек шаҳри турибди, пойтахтда 406 киши вирус юқтирган. Норин вилояти бу кўрсаткич бўйича иккинчи ўринда келмоқда — 314 ҳолат. Чуй вилоятида — 123, Ўш вилоятида — 217, Жалолобод вилоятида — 162, Ўш шаҳрида —  179, Баткен вилоятида — 29 ҳамда Иссиқкўл вилоятида 14 киши касалга чалинди. 

Шунингдек Россиянинг Санкт-Петербург, Соль-Илецк ва бошқа шаҳарларидан келган 218 нафар қирғизистонликда коронавирус аниқланган — улар Бишкек ҳамда Чуй вилоятидаги касалхоналарга жойлаштирилган. 

Ҳозирда касалхоналарда 558 киши даволанмоқда. Стационарда даволанаётганларнинг ичида ўн бемор оғир аҳволда, олти бемор жонлантириш бўлимида қолмоқда. Қирғизистон бўйича обсервацияга 2467 киши олинди.

Коронавирусга чалинганлар билан алоқада бўлганларнинг сони 7222 кишини ташкил қилди. Охирги сутка ичида 2494 анализ олинди.