92 ёшли жарроҳ Мамбет Мамакеев узоқ вақтдан бери жарроҳ сифатида ишлаб келаётган шифокор қатори Гиннеснинг рекордлар китобига кирди. Бу ҳақда мазкур ташкилотнинг расмий сайтида билдирилган.
Унга кўра рекорд 2020-йилнинг 29-февралида қайд қилинган. Бу вақтгача Мамакеев жарроҳ сифатида 67 йил 181 кун ишлагани айтилади. Бундан ташқари тиббиётда эришган муваффақиятлари учун Қирғизистоннинг фахрий фуқароси номи берилгани ҳам сайтда ёзилган.
Тўқсон ёшдан ошган жарроҳнинг номи Бишкекдаги Миллий жарроҳлик марказига берилган.
Мамбет Мамакеев 1927-йили 1 октябрда Иссиқкўл вилоятининг Ақ-Суу туманидаги Кереге-Таш қишлоғида туғилган. У 92 ёшга келиб қолса ҳам бугунги кунга қадар жарроҳлик амалиётини бажариб келади. 68 йиллик карьерасида 30 мингдан ортиқ операцияни амалга оширган. Бир қатор илмий ишларнинг муаллифи. Медицина фанлари доктори, профессор. Бундан ташқари 2004-йили «Қирғизистон Республикаси қаҳрамони» номини олган.
Мамакеевнинг икки ўғли бор. Улар ҳам отасининг йўлини давом эттириб тиббиёт тармоғида меҳнат қилади.