Қирғизистоннинг чегара хизмати 26 майда Ўш вилоятида “Достук” чегара бекатидан 50 нафар қирғизистонлик аёл Ўзбекистонга ўтганини билдирди.
Бунга қадар улар қирғиз ҳукуматига ҳамда қўшни мамлакатнинг президентига мурожаат қилиб, чегарани очишни илтимос қилишган. Чунки аёллар Ўзбекистон фуқароларига турмушга чиққани сабаб Қирғизистонга келганича қайта кета олмай қолишган.
Аввалроқ “Достук” ўтказиш пунктида тўпланиб турган ўнлаб одамни кўриш мумкин эди. 21 майда улар Ташқи ишлар вазирлигининг Ўш, Жалолобод ҳамда Баткен вилоятларидаги мухтор вакиллигининг олдида тўпланишган. Улар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, уларга оилаларини сақлаб қолишга ёрдам беришни илтимос қилишган.
“Клооп”нинг журналистлари чегара очилгунга қадар “Достук”нинг олдида тўпланган аёллар билан суҳбатлашиб, улар икки ой давомида қандай қийинчиликка учраганини айтиб беришди.
“Ота-онамизнинг уйига ҳам сиғмай қолдик”
Келинлардан бирининг айтишича, унга Ўзбекистон фуқаролиги берилмаган. Шу сабаб у ҳар икки ойда бир Қирғизистонга кириб-чиқишга мажбур. Агар белгиланган вақтдан бир кун ўтиб кетса ҳам уларга жарима солинади.
“Андижонга келин бўлганимга 24 йил бўлди. [...] Ўзбекистон паспортини беринглар деб икки йилдан бери ариза берамиз, беришмайди. Икки фарзандим бор, энг кичигим ҳали кичкина, у отасининг қўлида қолди. Бир ҳафтадан бери чегара бекатининг олдида юрамиз”, — деб у вазиятни тушунтирди.
Чегара очилиб қолишига умид қилган аёлларнинг айримлари “Достук”нинг ёнида тунашга мажбур бўлишган, пули борлар эса ҳақини тўлаб яқин ердаги уйларда қолишган.
“Мен у ерга 2013 йили келин бўлганман. Икки фарзандим бор, отасини соғинишди, чегарадан ўта олмаяпмиз. Ота-онамизнинг уйига ҳам сиғмай қолдик. Болалар билан қийналиб кетдим, кеча ҳам ёмғирда қолдик. Ота-онамнинг уйи Жалолободда. У ерга йўл узоқ, бориб келишга пул йўқ. Пулимиз тугади, болаларимнинг қорни оч”, — деди келинлардан бири.
Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчилиги ходими Нодир Аманов икки мамлакатнинг фуқаролари учун ҳам жорий йилнинг 1 июнига қадар рўйхатга олиш муддати узайтирилганини айтди.
“Ҳозирда чегара ёпиқ бўлгани сабаб рўйхатга олиш масаласи бўйича фуқароларда муаммо юзага келмайди. Агар чегаралар очилмаса 1-июндан кейин ҳам узайтириб бериш масалалари кўриб чиқилмоқда”, — деди у.
Шунингдек Аманов Ўзбекистонга ўтказилган вақтда барча одамлар дастлаб карантинга олинишини қўшимча қилди.
“Эрим ажрашаман деяпти”
Исмини айтишни истамаган яна бир аёл Ўзбекистондан Қирғизистонга келиб бўлиб келган, турмуш ўртоғи Россияда миграцияда. Келин бўлиб тушган оиласи билан чиққан жанжаллар сабаб ота уйига кета олмай қийналган.
Унга ўтишга рухсат берилганда ҳам ёлғиз ўғлини олиб кета олмаяпти — чунки ўғли Қирғизистон фуқароси. Келин бунгача ижарада яшаб юрганини, шароити оғирлашгандан кейин эри билан маслаҳатлашиб туғилган ерига бир неча вақтга бориб келишга қарор қилганини айтади.
Аммо у бошқалардек бекатда тунаб қолишга мажбур бўлиб юрганда, турмуш ўртоғи уни милиционерлар билан яқин алоқада бўлганликда айблаб, ҳозирда ажрашаман деётганини билдирган.
“Боламни ўтказмаяпти. Мурожаат қилсам “боланг қолсин, ўзинг ўтавер” дейишди. Боламни қолдирадиган одам йўқ. Бугун кўчада қолганимга 10 кун бўлди. Эрим милиционерлар билан ётиб юрибсан деб сўкиб, талоқ ҳам берди”, — деган у кўзига ёш олиб.
Унинг айтишича, эрининг яқинлари уни боласи билан бирга уйдан қувиб чиққан, Қирғизистонда эса танишлари бўлмагани сабаб фарзандини қолдира олмай чорасиз қолган.
23-майдан бошлаб Ўзбекистон ўзининг фуқароларини қабул қила бошлади. Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчилигининг маълумоти бўйича 4300 нафар Ўзбекистон фуқароси чегарадан ўтди.
Материал эълон қилиниши арафасида Қирғизистоннинг чегара хизматидан “Достук”нинг ёнида тўпланганлар йўқ эканини билдиришди.