Алайда Россиядан марҳум қариндошларини олиб келган икки фуқарода коронавирус аниқланди

352

Ўш вилоятини Алай туманининг икки турғунида коронавирус аниқланди. Улар Россияда вафот этган қариндошларининг жасадини олиб келишганда “Чийирчиқ” постидаги Covid-19га олинган таҳлил позитив чиққан.

Алай тумани ҳокимининг ўринбосари Бакит Осмоновнинг айтишича, биринчи “юк 200” 19-майда келган. Новосибирск вилоятида вафот этган қирғизистонликни ўлкага набираси олиб келган.

“Марҳумнинг набираси Қирғизистонга келгандан кейин, ўликни Алайнинг “Чийирчиқ” постигача поччасининг машинасида етказишган. Поччаси алоқада бўлган одам қатори обсервацияга олинди”, — деди Осмонов.

Коронавирус аниқланган иккинчи турғун эса 24 майда Москвадан “юк 200” олиб келган. Осмоновнинг айтишича марҳум билан уч киши бирга келган — ҳайдовчи ва икки йўловчи. Йўловчиларнинг биридан коронавирус аниқланиб, қолган икки киши обсервацияга олинган.

Бу ҳолатда ҳам Россиядан келганлар Алайнинг “Чийирчиқ” постида текширувга олинган.

Осмонов ҳозирда коронавирус аниқланган икки қирғизистонлик ва алоқада бўлган уч киши ҳудудий касалхонада шифокорлар назоратида ётишганини қўшимча қилди. Шунингдек марҳумларни дафн қилишда барча санитар талабларга риоя қилиниб, санэпидемистанция ходимлари назорат қилганини айтди.

Бунга қадар 14 майда Новқат туманига Россияда коронавирус юқтириб вафот этган уч марҳумнинг жасади олиб келинган. Марҳумларни олиб келган йўловчилар ва ҳайдовчилар обсервацияга олингани хабар қилинган.

Бундан ташқари Қора-Қулжа туманида ҳам 18 майда Россияда юрак касали билан вафот этган марҳумни олиб келган икки турғунда коронавирус аниқланган. Марҳумнинг дафн маросимига яқин қариндошлари келиб, коронавирус аниқланган икки турғун билан алоқада бўлган умумий 77 киши аниқланган. Уларнинг бари изоляцияга олингани маълум қилинди.

26-майга келиб Қирғизистонда коронавируснинг 35 янги ҳолати қайд этилди. Шу билан ўпка касалига чалинганларнинг сони 1468га етди. Ўш вилояти бўйича эса COVID-19 211 кишида аниқланди.