МХДҚ Атамбаевнинг соғлиқ вазиятини яшириб келмоқда — адвокат Жоошев

418

Адвокат Замир Жоошев МХДҚ собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг сутка ичида мониторинг ўтказилаётган артериал қон босимининг натижаларини бермаётганини билдирди. 

«Шу сабабдан бизда суд ҳам, жамаотчилик ҳам биз орқали унинг йил бошидан бери артериал қон босими жуда паст бўлаётганини билмай қолиши учун ўша мониторингнинг натижаларини яширишмоқда деган гумонлар пайдо бўлди», — деди Жоошев «Клооп»га.

Аввалроқ, Атамбаевнинг яна бир адвокати Сергей Слесарёв мижозини текшириш учун бир неча бор шифокорларни чақиришни илтимос қилганини  билдирган.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги хулоса берсин. Агар Алмазбек Атамбаевнинг соғлиги яхши ва хавф йўқ бўлса — майли, агарда у бемор бўлса эса, у ҳолда нимага уни даволашдан бош тортишмоқда?» — деб савол қўяди Слесарёв.

МХДҚнинг матбуот хизмати собиқ президент тиббий кўрикка муҳтож эмаслигини, Атамбаев куну тун шифокорларнинг назоратида бўлиб, соғлигидан шикоят қилмаганини биринчи бор билдираётгани йўқ. 

Шунингдек Замир Жоошев МХДҚнинг тиббий хизматидаги мутахассисларнинг холислиги бўйича ҳам гумонлар борлигини айтди. 

«Биз бошқа, мустақил шифокорларни чақиришни сўрганмиз, аммо улар, бизнинг фикримизча, унинг соғлиги бўйича холис баҳо бера олмаган шифокорларнигина чақиришмоқда», — деб айтиб берди Жоошев.

22-майда собиқ президентнинг ўғли Сеид Атамбаев отасининг аҳволи оиласи билан учрашув вақтида кескин ёмонлашиб кетганини хабар қилган. Бу Атамбаевнинг аҳволи ёмонлашаётгани ҳақидаги илк хабар эмас. У қон босимидан шикоят қилиб Қўй-Тош воқеаси бўйича икки суд йиғинида қатнашмай қоган. 

Қўй-Тошдаги воқеа ёки Атамбаевнинг уйини штурмга олиниши

Ҳукумат собиқ президент Алмазбек Атамбаевни Қўй-Тошдаги уйини икки кунлик штурмга олишдан кейин 8-августда қўлга олган. Штурм вақтида бир спецназчи ҳалок бўлиб, 100га яқин киши жабрланган. 

Атамбаев криминал авторитет Азиз Батукаевнинг ноқонуний бўшатилиш иши бўйича сўроққа уч марта келмай қўйгандан кейин куч тузумлари унинг уйини штурмга олишга борган. Мазкур иш бўйича Атамбаев гувоҳ қатори сўроқ бериши керак эди, аммо қўлга олингандан кейин унинг мақоми ўзгариб, у гумондор қаторига ўтиб қолган.

Штурмнинг дастлабки куни, 7-августда, Атамбаевнинг тарафдорлари у ерда махсус операция ўтказаётган МХДҚнинг олти ходимини асирга олган.

Атамбаев қўлга олингандан кейин ҳукумат “Оммавий тартибсизликларни уюштириш”, “Одамларни гаровга олиш”, “Одам ўлдириш” моддалари бўйича жиноят ишларини қўзғаган. Собиқ президент мазкур ишлар бўйича айбланувчи қатори ўтмоқда.