Ўшда ҳайдовчилар коронавирус бўйича таҳлилнинг натижаси кеч чиқаётганини айтмоқда

439

Ўш вилоятининг Қорасув туманидаги юк ташувчи машиналарнинг ҳайдовчилари коронавирусга топширган таҳлиллари уч кун давомида “Достук” назорат ўтказиш бекатининг базасига тушмаганидан, унинг натижасини шаҳар санэпидемстанциядан ўзлари бориб олиб келишга мажбур бўлишганини билдиришди.

“Шаҳар СЭСига бориб ўзимиз уриш-талаш билан чиқартириб келдик. Борсак одамдек қабул қилган ҳеч ким йўқ. Жаҳлланиб, ҳаммаси қичқириб-бақириб қўпол муомала қилишар экан. Мен ўша телефонимдаги кодни кўрсатиб “текширинглар менинг таҳлилим чиқди” десам, ”сенинг таҳлилинг йўқ, бизга келгани йўқ” деди, рақамни айтиб қараб кўринглар десам қарагани йўқ, аммо ўша рақам билан чиқди кейин”, — деди Айбек исмли ҳайдовчи.

Аввалроқ ҳайдовчилар “Клооп”га чегарадан ўтишда икки томондан ҳам мажбурий турда коронавирусга нисбатан таҳлил топширишларини, аммо Қирғизистонда топширган таҳлилларининг натижаси кечикаётганидан чегара бекатидаги автомобил тўхтовчи жойда қолишга мажбур бўлишаётганини хабар қилишган эди.

Шунингдек Ўзбекистонда коронавирусга текшириш иши қийинчилик туғдирмаганини, таҳлилнинг натижаси саккиз соатда чиқишини таъкидлашди.

“Ўзбекистонга цемент олиб кирамиз, қайта бир кунда чиқамиз, чиқишимиз билан таҳлил олади. ЎЗбекистонда топширган таҳлилнинг натижаси 8 соатда келади. Бизнинг муаммо шу ердан эртароқ чиқиб кетиш холос, [таҳлилнинг] натижаси вақтида келса”, — деган ҳайдовчи Мелис Разаков.

Аммо ҳукуматнинг Ўш вилоятидаги вакиллигининг матбуот хизмати Нурқиз Кадирбекова таҳлилларнинг натижаси ошиб кетса 2 кунда келишини айтиб, бундай бўлиши мумкин эмас деб билдирди.

“Биргина нарса бўлиши мумкин, агарда ҳайдовчилар оз келган бўлса, биргина таҳлилни олиб бора олмай, бугунги кунни ҳам қўшиб олиб бориб чиқариб келайлик деб [айтиши эҳтимол]. Кейин биласизлар, бизда у ерда тегишли ускуналар йўқ. Ундан кейин яна қўшиб олиб бориб келайин деб бир кун кечгача келган ҳайдовчиларни кутиб, сўнгра олиб бориши мумкин”, — деб тушунтирди матбуот котиби.

У вилоятда COVID-19га текширилиш учун лабораторияда тиббий воситалар ҳамда мутахассислар етарли эканини қўшимча қилди.

Таҳлилнинг натижаси Ўш шаҳар СЭСида тайёрланиб “Достук” ўтказиш пунктининг базасига ўтказилиши керак. Санэпидемстанциядан эса база ўз вақтида янгиланаётганини айтишди. Шунга қарамай муассаса ходимларидан бири базага жавобгар одам касал бўлиб қолганини айтиб, муаммо шу сабабдан пайдо бўлган бўлиши мумкин деб билдирди.