Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурболот Усонбаев Қирғизистонда 22-майга келиб коронавируснинг янги 37 ҳолати қайд этилганини маълум қилди — уларнинг уч нафари тиббиёт ходими.
Норин вилоятида COVID-19нинг янги 21 ҳолати қайд этилди — уларнинг орасида бир тиббиёт ходими ҳам бор. Бишкек шаҳрида олти ҳолат — уларнинг уч нафари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан келган фуқаро, икки нафар тиббиёт ходим. Ўш вилоятида COVID-19нинг олти ҳолати қайд этилди. Шунингдек Соль-Илецк шаҳридан келган бир қирғизистонликдан коронавирус аниқланди — у Чуй вилоятидаги обсервацияда бўлган.
Шу билан коронавирусни юқтириб олган фуқароларнинг сони 1350 нафарга етди — унинг 273 нафари тиббиёт ходими. Ўпка касалидан жами бўлиб 949 киши шифо топиб, ўн тўрт бемор вафот этди.
Бишкек шаҳрида коронавирус кескин тарқалиб, бугунги кунда пойтахт касални юқтирганларнинг сони бўйича ўлкада биринчи ўринда турибди — 366, уларнинг ичида Санкт-Петербургдан келган 18 қирғизистонлик ҳам бор. Ўш вилоятида — 203, Ўш шаҳрида — 132, Жалолобод вилоятида — 155, Норин вилоятида — 242, Чуй вилоятида — 205, уларнинг 105 нафари Соль-Илецкдан келган фуқаролар, Баткен вилоятида — 28, Иссиқкўл вилоятида 14 киши касалга чалинди.
Ҳозирда касалхоналарда 387 киши даволанмоқда. Уларнинг ичидан 11 нафар бемор оғир аҳволда — тўрт нафари жонлантириш бўлимида. Қирғизистон бўйича обсервацияга 2 150 киши олинди.
Коронавирусга чалинганлар билан алоқада бўлганларнинг сони 6 600 нафарни ташкил қилди. Бугунги кунгача 93 802 кишидан таҳлил олинган — уларнинг 93 295сининг натижаси чиқди. Охирги сутка ичида ўтказилган таҳлилларнинг сони — 2207.