Бишкекда жамоат транспорти 25-майдан бошлаб ишлай бошлайди — Боронов

Биринчи вице-премьер-министр Кубатбек Боронов 19-майда ўтган брифингда 21 ва 25-майдан бошлаб босқичма-босқич ишлай бошлайдиган тармоқлар ҳақида айтиб берди.

21-майдан бошлаб қуйидаги иш тармоқлари ишлай бошлайди:

  • Аҳолига хизмат кўрсатиш марказининг барча бўлимлари;
  • Оёқ кийим ва соат тузатиш;
  • Мебелсозлик;
  • Савдо марказлари (кўнгил очар ҳудудлари ва фудкортлардан бошқалари);
  • Барча озиқ-овқат дўконлари;
  • Автомобилларни рўйхатга олиш ташкилотлари;
  • Автобозорлар;
  • Мол бозорлар;
  • Барча шахсий репетиторлик хизматлари;
  • Хусусий ҳаммом ва спа марказлари;
  • Меҳмонхоналар (бассейн ва спортзаллардан бошқалари).

25-майдан бошлаб тадбиркорликнинг қуйидаги тармоқлари ишини бошлайди:

  • Буюм бозорлари;
  • 50 кишидан ортмаган ўринга мўлжалланган жамоат овқатланиш жойлари, кафе ва ресторанлар;
  • Театрлар, музейлар, кутубхоналар, галереялар;
  • Жамоат транспорти.

Боронов бизнес эгалари ва фуқаролар санитария-эпидемиологик меъёрларининг барини сақлаши кераклигини таъкидлади.

“Агар мамлакатдаги коронавируснинг вазияти яхшиланмаса, айрим тармоқларнинг ишини тиклаш кейинга қолдиришга мажбур бўламиз”, — деди вице-премьер.

19-майга келиб, Қирғизистонда коронавирус юқтириб олган 1 243 киши қайд этилган. Шу вақтгача COVID-19и бор 14 фуқаро вафот этган.