Ўшга Россияда коронавирусдан вафот этган қирғизистонликнинг жасади олиб келинди 

416

Ўш вилоятининг Новқат туманига 14-майда Россияда коронавирус юқтириб, вафот этган қирғизистонликнинг жасади етказилди. 

Ўш вилоят ИИБининг матбуот котиби Жениш Аширбаевнинг айтишича, бу охирги 10 куннинг ичида вилоят ҳудудига Россиядан олиб келинган учинчи марҳум. Жасади юртига дафн қилинганларнинг учи ҳам COVID-19 юқтириб олгандан кейин вафот этган. 

«Уларнинг бари махсус ҳимоя воситалари билан ўралиб, яқинлари ҳамрохлигида олиб келинди. Чегарадан санитар-эпидемиологик хизматнинг вакиллари кутиб олиб, жасадлар дарҳол қабрга қўйилган. Қариндошларига тушунтириш ишларини ўтказиб, марҳумларнинг жасади уйларига олиб борилмаган», — деди Аширбаев.

У марҳумларга ҳамрох бўлиб келган қариндошлари ва ҳайдовчилари  обсервацияга олинганини қўшимча қилди. 

Россияда 15-майга келиб коронавирус юқтирганларнинг сони 252 245га етди — уларнинг 53 530 нафари шифо топиб, 2305 бемор вафот этди. Мамлакат коронавирус энг кўп қайд этилгани бўйича иккинчи ўринда туради. 

Қирғизистонда эса 15-майга келиб касалга чалинганларнинг сони 1111ни ташкил қилди — уларнинг 745 нафари шифо топиб, ўн тўрт нафари вафот этди.