Ўз истаги билан текширилган 6 фуқарода ҳам коронавирус аниқланди

446
Иллюстратив сурат. Сурат: Нурдин Жээнтаевнинг фейсбук саҳифасидан олинди

Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурболот Усонбаев 12-майдаги брифингда бунга қадар коронавирусга ўз истаги билан текширилишни хоҳлаган олти фуқаро мурожаат қилганини билдирди. Уларнинг барида Covid-19 топилган.

«Мустақил мурожаат қилган фуқароларда COVID-19нинг турли белгилари кузатилгани сабаб шифокорларга мурожаат қилишган. Коронавирус шубҳаси билан текширувга олганимизда мазкур вируснинг борлиги аниқланди», — деди Усонбаев.

Бундан ташқари Усонбанв ўз ихтиёри билан мурожаат қилганлардан бири Бишкекдаги «Фрунзе» гипермаркетининг сотувчиси эканини айтди. Усонбаевнинг айтишича, у касаллик белгиларини сезиб, Санэпидемстанцияда ишловчи қариндошига мурожаат қилган. У ерда таҳлил олиниб, вирус тасдиқлангандан кейин касалхонага ётқизилган. 

Мамлакат бўйича 12-майга келиб коронавирус инфекцияси яна 21 кишидан топилди. Шу билан коронавирус юқтириб олган фуқароларнинг сони 1037га етди — унинг 241 нафари тиббиёт ходими. Коронавирус юқтирган ўн икки бемор вафот этди, уларнинг ичида бир тиббиёт ходими бор. Ўпка касалидан жами 709 киши шифо топиб, касалхонадан чиқарилган. 

Коронавирус Қирғизистонда биринчи марта 18-мартда Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида умрадан келган уч фуқарода топилган. Улар 70, 62 ва 46 ёшдаги эркак кишилар бўлган. Жалолобод вилоятида COVID-19нинг 147 ҳолати қайд этилди, унинг ичидан 112 бемор шифо топди.