Бишкекда яна бир тиббиёт ходимидан коронавирус аниқланди

309

Бишкек шаҳрида охирги кеча-кундузда коронавирус яна бир тиббиёт ходимидан аниқланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурболот Усонбаев 10-майдаги брифингда билдирди.

Шу билан коронавирус юқтирган тиббиёт ходимларининг сони 232га етди — уларнинг 176 нафари ўпка касалидан шифо топди. Шунингдек касални юқтириб олган бир тиббиёт ходими вафот этган — у ишлаган Бишкекдаги №3 Оилавий тиббиёт марказида ундан бошқа яна 8 тиббиёт ходими коронавирусга чалинган. Ҳукумат вафот этган тиббиёт ходимларининг оиласига 1 млн сом компенсация тўлаб бермоқчи. 

Иш вақтида коронавирусни юқтириб олган тиббиёт ходимларига ҳукумат 200 минг сом товон тўлайди — вафот этган тиббиёт ходимларининг оиласига компенсация қиймати 1 млн сомни ташкил қилади. Товон тўлашдан аввал Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қошидаги комиссия инфекция юқтириб олган тиббиёт ходимларининг ҳар бир ҳолатини текширади. 

Бундан ташқари, коронавирусга чалинган одамларни даволаган шифокорларга 29 мингдан 49 мингга қадар қўшимча ҳақ тўлаб берилиши айтилган. Бугунги кунда коронавируснинг ўчоғида меҳнат қилган тиббиёт ходимларига тўланувчи маблағнинг қиймати 34 миллион 963 минг сомни ташкил қилди. Март ойида касаллик ўчоғида жами бўлиб 6036 тиббиёт ходими ишлаган. 

Қирғизистонда коронавирусни юқтириб олганларнинг сони 1002 нафарга етди. Уларнинг ичидан ўн икки нафари вафот этиб, 675 киши касалликдан шифо топди.