Депутат Жумалиев Қуръон ушлаб коррупцияга аралашмаганини айтди. Депутатда 33 фирма бор

464
Депутат Кубаничбек Жумалиев. Сурат: Reporter.kg

Турли вақтларда транспорт ва йўл вазири, бош вазир бўлиб ишлаган “Бир Бол” фракциясининг парламентдаги депутати Кубаничбек Жумалиев 5-майда Қуръонни ушлаб, ҳеч қачон коррупция ишларига аралашмаганини билдирди.

“Мен, Жумалиев Кубаничбек Мирзабекович, 1992-йилдан 2005-йилга қадар ишлаган даврда ҳеч бир коррупция ишига қатнашмаганман. Иккинчидан, менинг қариндошларимга келсак интеллектуал даражада ғоямни айтиб, аммо улар ўз меҳнати билан ўз топган пулларига сотиб олиб ишлашмоқда. Қачон бўлмасин, ҳалол одам қатори юраман”, — деди у.

Депутат қасамёд берган куни, ўзини прокуратуранинг собиқ ходими деб таништирган Сиймик Жапикеев исмли фейсбук фойдаланувчиси бир неча сиёсатчилар шубҳали йўл билан бойиган деб уларнинг исмларини атаган. Жапикеев тилга олган инсонларнинг орасида Жумалиев ҳам бўлган. У депутатнинг идораларининг текширилишини талаб қилган.

“Жумалиев поччамга [қиймати] миллионлаган тўрт объектни расмийлаштирган. [...] Ўшанга [қиймати] миллионлаган заводларни, фабрикаларни, ерларни расмийлаштириб қўйган. Бу бўйича ариза ёзаман, тўлиқ текширтирамиз. Биз дўстлар Жумалиевни охиригача тугатайлик, уни қаматайлик, комиссия туздирайлик. Жумалиев “Таатан” янгамники [деяпти]. [...] У “Насаат ТВ” очиб олибди, қарасам тўлиқ концерт”, — деди Жапикеев.

Қурулиш ширкатлари, кабел тв ҳамда ўз номидаги мактаб

Эфирда қасамёд қилган депутат Жумалиев ўтган йилнинг декабрь ойида Economist.kg нашри билан “Декларатор” лойиҳаси чиқарган суриштирувнинг фигуранти бўлган. Журналистларнинг аниқлашича,Жумалиев ўз декларацияларида унга ва унинг турмуш ўртоғи Роза Амановага тўлиқ ёки қисман тегишли бўлган 33 фирмани кўрсатмай, уларни Солиқ хизматидан яшириб қўйган.

“Депутатнинг мақоми ҳақида”ги қонунга кўра, парламентарийлар бир вақтда бошқа давлат ҳамда муниципал хизматни эгаллай олмайди, улар тадбиркорлик ишини амалга ошира олмай, шунингдек тижорий ташкилотнинг етакчи органининг ёки кузатув кенгашининг таркибига кира олмайди.

Жумалиев Қуръон ушлаб берган қасамида айтган йиллари юқори давлат хизматларини эгаллаб турган. 2005-2015-йиллари танаффусда бўлиб, у бу йиллар давомида Миллий фанлар академиясида илмий фаолият билан шуғулланиб юрган. 2015 йили Жумалиев парламентнинг олтинчи чақирилишида депутат бўлиб сайланган.

Журналистларнинг маълумоти бўйича, у давлат хизматида ишлаётганда 33 фирманинг ичидан ўн бирини очишга эришган ва уларнинг саккизини парламентнинг депутати бўлиб турганда очган.

Депутатни бизнесининг орасида, Юстиция вазирлигининг базасида хусусий турдаги “мактаблар, коллежлар, университетлар” деб расмийлаштирилган компаниялар кўп — барча фирмаларнинг учдан бири таълим тармоғида ишлайди. Унинг ичида, 2016 йили Жумалиев депутат бўлиб ишлаётганда ўз номини бериб очган Физика-математика соҳасидаги мактаб-лицейи ҳам бор.

Парламентарийнинг яна еттига яқин компанияси хусусий турар жой қурилиши ҳамда шу каби фаолиятни олиб боради. Шунингдек депутатнинг микрокредит компанияси, кабел телевидениеси, қоғоз фабрикаси ҳамда бошқа ишхоналари бор.

Солиқ хизматининг очиқ маълумотларига кўра, 12 компания депутат ўзи рўйхатда турган манзил бўйича қайд этилган. Яна олти ширкат Анқара 1/17 манзилига ёзилган, аммо аслида у ерда Халқаро тиббиёт университети жойлашган.

Economist.kg нашри 33 фирманинг ҳар бири ҳақида маълумотларни ҳам эълон қилган. Уларни тўлиқ бу ердан ўқиш мумкин.