“Клооп”нинг таҳририятига Ўш вилоятининг Аравон туманида бир гуруҳ йигит бир кишини калтаклаб, уни ҳақоратли сўзлар билан сўкиб, машина капотига солиб хўрлаётгани тасвирга олинган видеони жўнатишди.
Видеода калтаклаганлар жабрланувчидан Чекобод қишлоғига қандай мақсадда келганини, унда яшаган келинни нимага машинасига солиб юрганини сўрашган. Калтакланган киши мазкур аёл касалхонага олиб бориб келишни илтимос қилганини айтган.
Шахс бир қатор вақт сўроққа олинган ва уни турмуш ўртоғи Россияда ишлаётган келин билан жинсий алоқада бўлганликда айблашган. Аммо жабрланувчи унга қўйилган айбларни инкор қилган.
“Кўчангизга киришга қўрқаман дедим. Шу ерда тушиб қолаверинг дедим. Кейин кўчангизда ҳеч ким йўқми деб сўрадим. Шу ерда туришингларни биламан ака, танидим ака. Мени ҳам танийсизлар, акамни ҳам танийсизлар”, — деб тушунтиришга ҳаракат қилган жабрланувчи.
Калтаклаганлар у яна бир марта улар яшаган қишлоққа келадиган бўлса “жинсий аъзосини кесиб юбориш ва ўлдириш билан таҳдид қилишган”. Жабрланувчи кўзига ёш олиб кечирим сўраган.
Ўш вилоят ички ишлар бошқармасининг матбуот котиби Жениш Аширбаев воқеа 2-майда бўлганини билдирди. Унинг айтишича, ўша куннинг ўзида жабрланувчи Аравон туман ИИБига келиб ариза ёзган. Ариза бўйича тўрт киши қўлга олиниб ҳозирда сўроқ бермоқда.
“Бола такси қилиб келинни етказиб қўйган бўлса, келиннинг танишлари сен нимага буни олиб юрибсан деб, айблаб калтаклабди. Жабрланувчининг ҳеч қандай ёмон фикри йўқ бўлган экан. Тасвирга олинган видео ҳам ишга илова қилинибди”, — деди Аширбаев.
Жабрланувчи суд-тиббий экспертизадан ўтмоқда. Аширбаев унинг аҳволи “яхши” эканини, аммо баданида кўкарган доғлар бор эканини таъкидлади.
Мазкур воқеа “Безорилик” моддаси билан расмийлаштирилиб судгача текширув бошланди.
Бу биринчи воқеа эмас
Икки йил аввал Ўш вилоятининг Ўзган туманида йигит таниш қизини қўшни қишлоққа етказиб қўйган. Бунга гувоҳ бўлган қизнинг ҳамқишлоқлари унинг оёғини арқон билан боғлаб, болани эса калтаклашган. Улар қизни оёғи боғланган ҳолда бутун қишлоқни айлантириб судраймиз деб таҳдид қилган.
Шундан кейин йигитлар 17 ёшдаги қизни уйига олиб боришган. Улар агарда жабрланувчи бўлиб ўтган воқеани милицияга айтадиган бўлса, у ҳолда “уни яланғоч қилиб, симёғочга боғлаб видеога олишини”, шундан кейин видеони YouTubeга юклашларини айтишади.
Бу воқеа ҳақида қизнинг бошқа бир таниш акаси Ахмадулло Абдиқадиров билиб қолиб, унинг аҳволидан хабар олгани қишлоққа келганда жабрланувчининг ҳамқишлоқлари қайта йиғилади. Сўнгра кутилмаганда тўпланганларнинг бири Абдиқодировнинг бошига тош билан уради. У олган жароҳати сабаб касалхонада вафот этади.
Мазкур воқеа бўйича милиция мазкур воқеани асосида “Безорилик” ва “Баданга оғир жароҳат етказиш билан ўлимга сабаб бўлиш” моддаси асосида жиноят иши қўзғаган. Жами бўлиб 15 киши қўлга олинган.