Ўш шаҳридаги Хусусий тадбиркорлар ассоциациясининг аъзолари мэриянинг ходимлари реклама-баннерларни олиб ташлагани учун прокуратурага мурожаат қилишди. Бу ҳақда “Клооп”га ХТАнинг Ўшдаги филиали директори Аззамбек Жээнбай ўғли билдирди. Унинг айтишича, мэриядан рухсат олиниб илинган баннерлар ҳам тозаланган.
Шунингдек Жээнбай ўғли маҳаллий ҳукумат карантин вақтидан фойдаланиб хусусий ишхоналарнинг рекламаларини олиб ташлагани кўплаб тадбиркорларнинг норозилигини туғдирганини айтади.
“Карантин бўлиб тадбиркорларнинг иши тўхтаб турганда, ҳеч бўлмаган маънавий жиҳатдан бўлса ҳам қўллашнинг ўрнига, аксинча зарар қилаётгани [маҳаллий ҳукуматнинг] яхши эмас”, — дейди Жээнбай ўғли.
Шаҳар етакчиси Таалайбек Сарибашов 1-майдаги брифингда баннерлар қонун доирасида олинаётганини айтди. ХТАнинг етакчиси эса тадбиркорларга огоҳлантириш берилмаганини таъкидлади.
“Мен ХТАнинг аъзолари ҳақида айтадиган бўлсам, у ҳолда бирорта ҳам тадбиркордан мен мэрия тарафидан огоҳлантириш берилди деганини эшитмадим. Мэрия рухсатсиз илинган рекламалар олинди деб далил келтирмоқда. Аммо рухсатсиз илинган баннерларни олиш учун ҳам дастлаб огоҳлантириш берилиши лозим”, — дейди Жээнбай ўғли.
ХТАнинг Ўш филиалида 130дан ортиқ тадбиркор аъзолик қилади.
Мэриянинг Шаҳар қуриш ва муниципал хусусий бошқармасининг етакчи мутахассис Эшмамбет Кармишаковнинг айтишича эса, тадбиркорлар баннерларни тарқатиш бўйича талабларни тўлиқ бажаришмайди. У баннер илишга дастлаб архитектурадан сўнгра мэриядан рухсат олиш кераклигини айтади.
“Баннерларга рухсат олсак ҳам маҳаллий ҳукумат олиб ташлаб деган норозиликлар ҳозирда бор экани бизга маълум. Айрим тадбиркорлар архитектурадан рекламанинг конструкциясигагина рухсат олишади ҳам, мэриянинг рекламалар билан иш олиб борган бўлими билан шартнома тузмай қўйишади. Архитектурадан баннернинг конструкциясига, мэриядан эса рекламани тарқатишга ҳамда мазмунига рухсат олиш лозим”, — дейди Кармишаков.
Шунингдек, Кармишаков рухсат қоғозлари тўлиқ бўлмаган баннерлар ҳам олиб ташланганини қўшимча қилди. Шунга қарамай карантин бўлгунга қадар ёзма шаклда огоҳлантириш берилганини айтади. Бундан ташқари мэриянинг реклама ва дизайн бўлими билан тадбиркорнинг баннер илиш учун тузилган шартномаси асосида махсус тўловлар бор эканини қўшимча қилди. Унинг айтишича, мазкур тўловлар маҳаллий бюджетнинг ҳисобига ўтказилади.
Шунга қарамай тадбиркорлар маҳаллий ҳукуматнинг ҳаракатидан норози. Улардан бири “Бий Ордо” меҳмонхонасининг етакчиси Мунар Иса фейсбукда мамлакатда тадбиркорларнинг ҳуқуқи ҳимоя қилинадими деган савол ташлади.
“Фавқулодда ҳолат вақтида шахсий ерга рухсатсиз кириб, тадбиркорларнинг йўқлигидан фойдаланиб [мэрия ходимлари баннерларни] олиб ташлагани тўғри эмас. Биз, тадбиркорнинг ҳуқуқи ҳимояланган, қонунлар барчага баробар мамлакатда яшашни истаймиз”, — деб ёзган тадбиркор.