Қирғизистонда коронавирус яна 13 кишидан аниқланди — умумий 695 ҳолат

385

Сурат: соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўтган кеча-кундуз ичида Қирғизистонда коронавирус инфекцияси яна 13 кишидан топилди — уларнинг уч нафари тиббиёт ходимлари. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурболот Усонбаев 27-апрелдаги брифингда билдирди.

Бишкекда олти, Ўш шаҳрида, Норин ҳамда Ўш вилоятида бир нафардан, Чуй ҳамда Иссиқкўл вилоятларида иккидан ҳолат қайд этилди.

Шу билан коронавирусни юқтириб олган фуқароларнинг сони 695га етди — унинг 183 нафари тиббиёт ходимлари. Ўпка касалидан жами 395 киши шифо топди, саккиз бемор вафот этди.

Коронавируснинг энг кўп ҳолати Ўш вилоятида қайд этилди — 210 ҳолат. Унинг 110 нафари Ўш шаҳрида аниқланди. Бишкек бу кўрсаткич бўйича иккинчи ўринда келмоқда — 164 ҳолат.

Жалолобод вилоятида эса 111 киши мазкур касални юқтириб олган. Норин вилоятида коронавирусга чалинганларнинг сони 86ни ташкил қилди. Чуй вилоятида COVID-19 46 кишидан аниқланди. Иссиқкўл вилоятида 10 ҳамда Баткен вилоятида 8 ҳолат қайд этилди. Талас вилоятида бугунги кунда коронавируснинг бирор ҳолати ҳам қайд этилмаган.

Ҳозирда касалхоналарда 292 киши қолмоқда — уларнинг ўн икки нафари оғир аҳволда, еттиси жонлантириш бўлимида. Мамлакат бўйича обсервацияга 1044 киши олинди.

Коронавирусни юқтириб олганлар билан алоқада бўлганларнинг сони 2753 нафарни тузди — уларнинг бари тиббий назоратга олинган.

Шунингдек 27-апрелга қадар жами бўлиб 47 319 кишидан таҳлил олинган. Уларнинг 46 627сининг натижаси чиққан.