12 милиционерда коронавирус аниқланди, улардан бири реанимацияда

433

Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурболот Усонбаев “куч тизимларининг” 12 ходимида коронавирус аниқланганини хабар қилди. У бунга қадар 21-апрелда обсервацияга жўнатилган ИИВнинг ички текширув хизматининг 12 милиция ходими ҳақида айтишни истаган кўринади.

“Қирғизистонда ҳуқуқ тартибот органларининг 12 ходими COVID-19 вирусини юқтириб олган, уларнинг ичидан бири қайта жонлантириш бўлимида ётибди”, — деди Усонбаев. Унинг айтишича, милиционерлар инфекцияси бор одамлар билан алоқада бўлган.

Улар “олдинги сафда” ишлагани сабаб, ИИВ ходимларини обсервацияга жўнатган. Милиция ходимлари иш вақтида вирус юқтириб олгани учун компенсация оладими ёки йўқми ҳозирча номаълум.

Мамлакатда 22-апрелга келиб коронавирус юқтириш ҳолатларининг сони 612 нафарга етди — бу вафот этган етти киши билан шифо топган 254 кишини қўшгандаги кўрсаткич. Касалхоналарда 351 киши қолмоқда, беш киши реанимацияда.

Милиционерлардан ташқари иш вақтида кўплаб тиббиёт ходимлари ҳам коронавирус юқтирган — ҳозирда юқтиришнинг 157 ҳолати ҳақида маълум. Тиббиёт ходимларига коронавирусни юқтириб олишгани учун 200 минг сом ва вафот этган ҳолатда миллион сом бадал берилиши керак. Шунга қарамай Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт ходимлари қандай ҳолатда юқтирганини текширмоқчи.

Инфекцияси бор одамлар билан ишлагани учун шифокорлар ва ҳуқуқ тартибот органларининг ходимларига қўшимча ҳақ тўланиши керак. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги аввалроқ махсус ҳужжатда билдирган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 8-апрелда “бир-икки кун ичида” март ойи учун қўшимча ҳақ тўлаб берилишини қўшимча қилган, аммо у шифокорларга ҳалигача тўлаб берилмаган. Муассаса 1369 тиббиёт ходимларигагина тўлангани ҳақида ҳисобот берган. Ҳуқуқ тартибот органларининг ходимларига қўшимча ҳақ тўланиб-тўланмагани ҳақида билишнинг имкони бўлмади.