Қирғизистонда коронавирусдан тузалганларнинг сони 91 нафарга етди

416

Қирғизистонда 16-апрелга келиб коронавирусдан яна 13 бемор тузалиб, касалхонадан чиқарилди. Уларнинг икки нафари Ўш шаҳрининг, уч нафари Бишкекнинг, тўрт киши Нориннинг ҳамда яна тўрт нафари Иссиқкўлнинг турғуни.

“[Касалхонадан чиқарилганларнинг] қайта олинган таҳлилларининг натижалари негатив бўлиб чиқди”, — деди соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурболот Усонбаев.

Шу билан Қирғизистонда жами бўлиб 91 киши ўпка касалидан тузалди. 16-апрелга келиб эса Қирғизистонда коронавируснинг янги 17 ҳолати қайд этилди — жами 466 ҳолат.

Касалхоналарда 370 киши ётибди — уларнинг 11 нафари оғир аҳволда. Касалхонанинг жонлантириш бўлимида 4 бемор қолмоқда.