Ўшнинг касалхонаси тиббиёт ходимлари коронавирус юқтириб олгани сабаб ёпилди

538

Ўш шаҳридаги болаларнинг юқумли касалликлар шифохонаси 8-апрелда ёпилди. Бунга тиббиёт ходимларининг коронавирус юқтириб олишгани сабаб бўлди.  

«Бу касалхонани бугун ёпиб туриб, махсус дезинфекция ўтказамиз. Ўш вилоят касалхонасининг бир корпусини бўшатиб, ўша ерга юқумли касалликларга чалинган болаларга махсус ўринларни тайёрлаймиз», — деди соғлиқни сақлаш вазири Сабиржан Абдикаримов.

Шунингдек Қорасувдаги болалар касалхонаси ҳам инфекция бўлимига айланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан махсус комиссия тиббиёт ходимларининг касаллик юқтиргани бўйича хизмат текшируви ўтказилиши билдирилди.

Тиббиёт ходимлари ва улар билан алоқада бўлган яқинлари обсервацияга олинган. Алоқада бўлган бошқа фуқаролар ҳам аниқланиб, уй карантинига чиқарилган.

Қирғизистонда коронавируснинг 270 ҳолати қайд этилди — унинг 32 нафари тиббиёт ходимлари. Коронавирусдан эса 4 киши вафот этиб, 25 киши тузалди.