Ўш вилоятида коронавирусни юқтириб, мазкур фактни яширган турғунга нисбатан судгача текширув бошланди. Бу ҳақда Ўш шаҳри ва Ўш вилоятининг Новқат, Қорасув туманларининг коменданти Малик Нурдинов 7-апрелдаги брифингда билдирди.
«Бир фуқаро ўзининг касал бўлганини билиб туриб, яшириб, қариндош-уруғлари ва тенгдошлари билан алоқа қилиб юраверган. Кейин касали жиддийлашганда текширсак, коронавирусга чалинибди. Унинг дўстларидан ва ишлаган еридаги одамлардан ҳам вирус аниқланиб қолди», — деди Нурдинов.
Ҳозирда у фуқаро обсервацияга олинган. Комендант бу одам обсервациядан чиқиши билан судгача текширув бошланишини, шунингдек вирус юқтирганини яширган киши 5 йилгача озодликдан ажратилиши мумкинлигини айтди.
Ўш комендатурасининг маълумот марказининг ходими Жениш Аширбаев дастлаб касаллик мазкур турғуннинг хориждан келган ўғлида топилганини ундан отасига юққанини айтди. Отаси эса ундан кейин тўққиз кишига коронавирус юқтирган деди Аширбаев.
«Фарзанди касалхонада, ундан ким билан алоқада бўлганини сўрасак отаси чиқиб келмоқда. Отасидан суриштирсак элликка яқин киши билан алоқада бўлибди. Отаси боласи билан алоқада бўлганини билиб туриб ўзи бориб обсервацияга ётиши керак эди. Тана ҳарорати кўтарилгандан кейин келмай... Фарзанди эса ким билан контакт бўлгани бошида текширилмаган экан. Бу ерда тегишли хизматдагиларнинг ҳаракатлари ҳам текширилади», — деб тушунтирди Аширбаев.
Мазкур фуқаро Жазо кодексининг «Санитария-эпидемиологик қоидаларни бузиш» моддаси билан жавобгарликка тортилиши мумкин. Қонунга 3-апрелда киргизилган ўзгартиришларга кўра, «санитария-эпидемиологик қоидаларини бузиб, оммавий касаллик юқтириш ёки юқтириш хавфини туғдирган фуқаролар» 2,5 йилдан 5 йилга қадар озодликдан ажратилиши мумкин.