Ўшда блок-постда навбатда турган кишини калтаклашда ҳайдовчи гумонланмоқда

430

Ўш вилоятининг Қорасув туманидаги Попон қишлоқ ҳукуматида қўйилган блок-постларнинг бирида навбатда турган маҳаллий турғун калтакланди. Маълумотга кўра, воқеа 5-апрелда тахминан кундузги соат иккиларда юз берган.

25 ёшдаги жабрланувчи Оқ-Бура-2 қишлоғи билан Учар қишлоғининг ўртасига қўйилган тўсиқни қўриқлаган. Мазкур постдан “Хонда Цивик” машинасининг ҳайдовчиси Учар қишлоғига ўтишга ҳаракат қилганда, навбатчиликда турганлар унинг рухсат қоғози йўқлигидан ҳудудга киргизмай қўйган. Кейинчалик навбатчиликда турган бола калтакланган.

Уни калтаклашда гумонланиб юқорида айтилган ҳайдовчи қўлга олинди, у кўрсатмаларни бермоқда. Бу воқеа бўйича “Безорилик” моддаси билан судгача текширув бошланди.

“Жабрланувчи берган аризага кўра уни бир киши калтаклаган, бошқалар кейин ажратишган [...] Ҳозирда у постда милиция ходимлари турибди”, — деди Ўш комендантининг матбуот котиби Жениш Аширбаев.

Калтакланган фуқаро билан бирга постда турган Майсалбек Тилековнинг айтишича, жабрланувчини камида уч бола калтаклаган.

“Биз калтаклаган одамни танимаймиз. Биз томондан ўтгани келганда ўтказганмиз. 40 дақиқадан кейин 5 таниши билан келибди. Менга “бу бола билан гаплашиб олайлик” деб, уч болани олисроққа олиб кетишган. Билсак улар калтаклагани келибди. Тез ёрдам чақирмадик. Бола ўзи касалхонага борди”, — деган Тилеков “Турмуш” нашрига берган интервьюсида.

Қирғизистонда коронавируснинг биринчи ҳолатлари қайд этилган ҳудудларга 25-мартдан 15-апрелга қадар фавқулодда ҳолат режими киргизилган. Уларнинг ичида Ўш вилоятининг Қорасув тумани ҳам бор. Мазкур ҳудудларда махсус санитария-карантин постлар қўйилиб, соат кечки 8дан эрталабки 7гача комендантлик соат киргизилган.