Қирғизистоннинг Жака-Ўрук ҳудудидан ўтган Баткен — Исфана ҳамда Тожикистоннинг Исфара — Ворух йўлларининг кесилишига икки мамлакат биргаликда тўрт светафор ўрнатди. Бу йўл хавфсизлигининг олдини олиш мақсадида амалга оширилди. Бундан ташқари Тожикистон билан чегарадош Оқ-Сой ҳамда Кўк-Тош қишлоқларининг ҳудудларига можароларнинг олдини олиш мақсадида видеоназорат камералари ўрнатилди.
Ҳукуматнинг Баткен вилоятидаги мухтор вакиллигининг матбуот котиби Чолпон Бердикулованинг айтишича, бунга қадар ҳукумат комиссияларининг учрашуви ўтган. Унда тарафлар чегара ҳудудларидаги халқнинг хавфсизлигини таъминлаш, айрим юз берган можароларга аниқ, тўғри таҳлил ўтказиш мақсадида светафорларни ҳамда кузатув камераларини ўрнатиш бўйича протоколга қўл қўйишган.
«Мазкур ҳудудларда можаролар кўп юз беради. Уйлар эса шахмат шаклида жойлашган. У ердан қирғиз фуқаролари ҳам, тожик фуқаролари ҳам ўтиб туради. Можаро бўлганда эса тарафлар бир-бирини айблашади. Шу сабабдан агарда жанжал чиқадиган бўлса ҳуқуқ тартибот органлари видео ёзувларнинг асосида айбдорларни аниқлашади», — деб тушунтирди Бердигулова.
Баткен — Исфана йўли билан Исфара — Ворух йўлларининг кесилишида можаролар бот-бот бўлиб туради. Шу боисдан қирғиз фуқаролари Ворух анклавига кетувчи йўлни тўсишади. Мазкур йўл тўсилса Тожикистоннинг анклави изоляцияда қолади. Тожикистонликлар эса Исфарага олиб борувчи йўлни тўсишади. Бу ҳолда қирғизистонликлар Исфара шаҳрига Оқ-Сой — Ровот йўли орқали айланиб қатнашга мажбур бўлишади.
Кўк-Тош ва Оқ-Сой қишлоқлари эса Тожикистоннинг қишлоқлари билан чегарадош бўлиб, уйлар эса шахмат турида жойлашган. Можаронинг кўпи чегара ҳудудлари аниқланмаганидан, маиший жанжал сабаб, ер ҳамда сув талаши ортидан юз беради.