Қирғизистон мусулмонларининг дин бошқармаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишиб, юқумли касалликдан вафот этган мусулмонларни дафн қилиш бўйича фатво чиқарди.
“Юқумли касалликнинг юқиш хавфи мавжуд бўлган ҳолатларда жаноза намозини имкон борича оз кишининг ўқиши афзал. Шунда ҳам касалнинг юқумлилигини ҳисобга олиб зарур чораларни кўриш керак, аниқроқ айтганда, намозга қатнашувчиларнинг ўртасида (шифокорлар айтганидек) маълум оралиқ сақланиши лозим”, — деб ёзилади муфтиятнинг сайтида.
Шунингдек муфтият вазиятни ҳисобга олиб, бир неча марҳумга бир жаноза ўқиш етарли бўлишига қарор қилди. Касалликнинг юқиш эҳтимоли катта бўлса эса, тегишли инсонлар тарафидан дафн қилинган марҳумнинг жанозасини қабрининг бошида қиблага юзланиб ўқиса ҳам бўлади.
Марҳумни дафн қилгунга қадар уни шариат талаб қилган тартибда ювиб, оқ кафанга ўраш керак. Аммо юқумли касаллик бошқаларга тарқалиш эҳтимолининг олдини олиш мақсадида муфтият қуйидагидек енгилликларни берди:
- Марҳумнинг баданини маълум масофадан сув қуйиб ёки узоқдан сув сочиб ювиш мумкин.
- Агар шифокорлар коронавирус касаллигидан вафот этган одамни ювиб, махсус вирусдан ҳимояланувчи материаллар билан ўраб берган бўлса, у ҳолда марҳумнинг жасадини қайтадан ювиб кафанлашга ҳожат йўқ.
- Жасадни ювиш лозим бўлса тегишли мутахассисларнинг кўрсатмаси асосида ҳимоя кийимларини кийиш керак.
- Жасадни ёқиб ёки кислота ёки бошқа кимёвий воситалардан фойдаланиб кўмишга шариатда рухсат берилмайди. Аммо жасад эҳтиёт учун вирусдан ҳимояловчи усуллар ёрдами билан дафн қилинади.
- Марҳумни шариат тартибида қазилган қабристонга кафан билан кўмиш хавф туғдирадиган бўлса, махсус (ўлик солувчи) қопларга ўраб ёки тобут билан кўмиш ҳам мумкин.
*Фатво — Ислом динига оид саволларга жавоб тариқасидаги ҳукм. Фатвони муфтиёт ёки диний олимлар чиқара олади. Фатво шариат бўйича, бошқача айтганда мусулмонларга мажбурий бўлиб ҳисобланади. Унга бўйсунмаганлар Қирғизистон қонунлари олдида ҳеч қандай жавобгарликка тортилмайди.
30-март келиб Қирғизистонда коронавирусни юқтириб олган одамларнинг сони 94 нафарга етди. Уларнинг 49и Жалолобод вилоятида, 33 нафари Ўш вилоятида, бири Баткен вилоятида, саккизи Бишкек шаҳрида, икки нафари Чуй вилоятида ва бири Норин вилоятида қайд этилди.