Ички ишлар вазирининг ўринбосари, Бишкекнинг коменданти Алмазбек Орозалиев матбуот анжуманида, комендантлик соати вақтида блок-постда милиционерга бўйсунмаган ҳайдовчини қўлга олиш вақтида ҳавога табел қуроли билан бир неча марта ўқ чиқарилганини билдирди. Унинг айтишича, 25-30 ёшдаги икки эркак фуқаро маст аҳволида бўлиб, милиционерларга қаршилик кўрсатган.
“Комендантлик соати вақтида 26-мартда 20:30да Толстой ва Аликулов кўчасидаги блок-постда “Тойота-Виндом” русумидаги автомобил тўхтатилиб, ҳайдовчиси милиция ходимларига бўйсунмай қочиб кетиб, у Дэн Сяопин ва Лумумба кўчаларининг кесилишида тўхтатилган”, — деб билдирди Орозалиев.
“Азаттык” шахсий манбаларига таяниб, милицияга қўл кўтарган фуқаро Жогорку Кенешнинг Халқаро алоқалар, мудофаа ва хавфсизлик бўлимининг етакчиси Эрнест Молдошев бўлганини ёзди. Нашрнинг маълумотига кўра, Молдошев воқеа бўлган куни машинани маст аҳволда бошқарган.
Кўп ўтмай Жогорку кенешнинг матбуот котиби Ибрагим Нуракун ўғли Молдошев хизматидан ўз истаги билан 24-мартда бўшатилганини хабар қилди.
Тартиб бузарлар қўлга олиниб Ленин туман ички ишлар бўлимига етказилган. “Азаттык” билдиришича, парламентнинг ходими Свердлов туман судининг қарори билан уй қамоғига чиқарилган.
Бишкек шаҳрида 27-мартга ўтар кеча карантин соати тартибини бузган 146 фуқаро қўлга олинган. Уларнинг ичидан 13 аёл, 133 эркак, шунингдек 1 хорижий фуқаро.
Қирғизистонда 25-мартдан 15-апрелгача коронавирус қайд этилган ҳудудларга фавқулодда ҳолат киритилган. Шу сабабли Бишкек, Ўш ва Жалолобод шаҳарлари, Жалолобод вилоятининг Сузоқ тумани, Ўш вилоятининг Новқат ҳамда Қорасув туманларида кечки соат 20:00дан эрталабки 7:00га қадар комендантлик соати киргизилган. Мазкур вақт давомида фуқароларнинг кўчада юриши ва транспорт ҳаракати тақиқланган.
Фуқаролар соат 07:00дан 20:00га қадар эса биргина озиқ-овқат дўконига, дорихонага ёки тиббий масканларга бора олади — бунинг учун фуқароларнинг ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжати ва тўлдирилган анкета бўлиши керак.