Ўш вилоятининг Новқат туманида уч фуқарода коронавирус аниқланди. Ҳозирда улар ҳудудий касалхонада карантинга олинган. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири Космосбек Чолпонбаев билдирди.
«[Коронавирусни юқтириб олган] 3 киши ҳам бизнинг муқаддас ерга бориб келиб, ўша ерда юқтириб келибди. У одамларнинг бари касалхонага ётқизилиб, даволанишмоқда», — деди Чолпонбаев.
Чолпонбаев коронавирусни юқтириб олган Новқатнинг турғунлари билан қанча одам учиб келганини ва уларнинг шаҳси аниқланаётганини қўшимча қилди.
Шу билан Қирғизистонда 6 киши коронавирус юқтиргани маълум бўлди. Бунга қадар Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманининг 3 турғунида мазкур касаллик топилган — улар ҳам Саудия Арабистонидаги умрадан учиб келишган.
Ўша куннинг ўзида Сузоқ туманининг ҳокими Эрмекбай Омошев ҳудудда фавқулодда ҳолат киргизилганини эълон қилган. Коронавирус топилган қишлоқларда блок-постлар қўйилиб, ҳудуд қуршовга олинди. Қишлоқ турғунларининг бари карантинда.
Коронавирус юқтириб олган 3 фуқаро билан биргаликда Саудия Арабистонидан 144 киши самолётда бўлган — уларнинг ичидан 2 фуқаро Ўзбекистонга чиқиб кетган, қолган 142 фуқарода коронавирус аниқлангани йўқ. Бу фуқароларнинг бари обсервацияга олинган. Шунингдек соғлиқни сақлаш вазири улар коронавирусга яна бир неча бор таҳлил беришини билдирган.