Ўш вилоятининг Новқат туманидаги Зулпуев қишлоқ ҳукуматининг Қашқалдоқ қишлоғига олиб борувчи асосий йўл тўсилди. У ерда ҳуқуқ тартибот органларининг ходимлари турибди. Бу ҳақда «Турмуш» нашрининг журналисти Арафат Бекиева фейсбук саҳифасида жонли эфирда хабар қилди.
Унинг айтишича, коронавирус аниқланган уч киши Қашқалдоқ қишлоғининг турғунлари бўлиши мумкин. Жонли эфирда маҳаллий аҳоли йўл нима учун тўсилгани бўйича маълумотлари йўқлигини айтишган. Маҳсус ҳимоя кийимидаги киши эса аҳолига тиббий ниқоб тақишни, қўл бериб сўрашмаслик ҳақида тушунтириш ишларини олиб бораётганини билдирган.
Туман ҳокими Давранбек Маматалиев уч блок-пост қўйилганини журналистларнинг саволига жавоб бераётиб айтди. Аммо қайси қишлоқлар эканини аниқ айтгани йўқ.
«Касаллик юқтирганлар касалхонага ётқизилган. Уларни соғлиқни сақлаш ходимлари назорат қилишмоқда. Яна қандай ҳолат қайд этилади ҳозирча номаълум. Аммо биз олдини олишга тайёргарликларни кўряпмиз. Қайси қишлоқдан эканини айта олмайман. Аммо касалликка чалинганлар Янги Новқат ва Зулпуев қишлоқ ҳукуматидан бўлишади. Булар умра сафаридан келишган», — деди Маматалиев.
Бугун эрта билан соғлиқни сақлаш вазири Космосбек Чолпонбаев Новқат туманининг уч турғунида коронавирус қайд этилганини айтди. Улар маҳаллий касалхонада даволанишаётгани хабар қилинди. Вазир касаллик юқтирганлар умра сафаридан келишганини таъкидлади.
Шу билан Қирғизистонда 6 киши коронавирус юқтиргани маълум бўлди. Бунга қадар Жалолобод вилоятини Сузоқ туманининг 3 турғунида мазкур касаллик топилган — улар ҳам Саудия Арабистонидаги умрадан учиб келишган.
Ўша куннинг ўзида Сузоқ туманининг ҳокими Эрмекбай Омошев ҳудудда фавқулодда ҳолат киргизилганини эълон қилган. Коронавирус топилган қишлоқларда блок-постлар қўйилиб, ҳудуд қуршовга олинди. Қишлоқ аҳолисининг бари карантинда.
Коронавирус юқтириб олган 3 фуқаро билан биргаликда Саудия Арабистонида 144 киши самолётда бўлган — уларнинг ичидан 2 фуқаро Ўзбекистонга чиқиб кетган, қолган 142 фуқарода коронавирус аниқлангани йўқ. Бу фуқароларнинг бари обсервацияга олинган. Шунингдек соғлиқни сақлаш вазири улар коронавирусга яна бир неча бор таҳлил топиширишини билдирган.