Ахсидаги ўқувчининг калтакланиши ортидан мактаб директори ва соц педагог ишдан олинди

490

Жалолобод вилоятининг Ахсу туманида 6 феврал куни №5 Асанбек Кабаев номидаги ўрта мактабнинг 9-синф ўқувчиси олти нафар синфдоши тарафидан калтакланган. Воқеа ҳақидаги видео ижтимоий тармоқларда тарқаб, кўпчилик интернет фойдаланувчилари ҳуқуқ тартибот органларидан калтаклаган болаларни жазога тортишни талаб қилишган.

Таълим вазирлигидан воқеа сабаб мактаб директори Кененбай Шабданов ва ижтимоий педагоги ишдан олинганини билдиришди.

“Шабданов ўзининг функционал вазифаларига масъулиятсизлик қилиб, зўравонликнинг олдини олиш бўйича ўқувчиларга тушунтириш ишларини етарли даражада олиб бормагани учун эгаллаган хизматидан бўшатилди”, — деб айтилади вазирликнинг матбуот хизмати тарқатган баёнотда.

Жалолобод вилояти ички ишлар бошқармасининг матбуот котиби Нурдин Жээнтаев “Клооп”га воқеа “Безорилик” моддаси билан қайд этилиб, судгача текширув иши очилганини хабар қилди.

Шунингдек тергов асносида жабрланувчининг онаси ҳеч кимга даъвоси йўқ эканини билдириб, қарши ариза ёзиб берган. Жээнтаев қарши ариза қаноатлантирилмай, иш суднинг қаровига жўнатиш арафасида турганлигини қўшимча қилди.

Муаллиф: Маратбек Иманкулов