Милиция 2-мартда Садир Жапаровни қўллаш митинги вақтида бошқа митингчилар билан бирга парламентнинг ходимларига қўл кўтарган аёлни қўлга олди. Ўша куни Жапаровнинг тарафдорлари ҳукуматнинг ҳаракатсизлигидан норози бўлиб, ишдан чиқаётган парламент ходимларини сўкиб, ёқасига осилиб, тепкига олишган.
Ички ишлар вазирлиги 1973-йилги қўлга олинган аёлнинг исм-шарифини ҳозирча ошкор қилмай, билдирувида уни Ч.Н. деб кўрсатган.
Милиция ходимлари уни 4-март куни Жогорку Кенешнинг ходимлари ҳуқуқ тартибот органларига шикоят қилишгани учун ушлашган.
У милиция текширув юргизгунга қадар 48 соат вақтинча ушлаб туриш изоляторида бўлади. Милиция парламент ходимларига ҳужум фактини “Оммавий тартибсизлик” моддаси билан ЖҚУРга қайд этди.
Тергов ўтказилгандан кейин аёлга қўйилаётган айбнинг моддаси ўзгартирилиши мумкин.
Журналистлар 2-март куни тасвирга олган видеода Жапаровни қўллаш учун келган аёлларнинг гуруҳи ишдан чиқиб келаётган парламент ходимларини тепкилаб, туртиб ва уришишган.
Аёллар президент Сооронбай Жээнбеков ва ҳукуматнинг бошқа вакиллари митингчиларнинг талабларини эшитиш учун уларнинг олдига чиқмаганидан норози бўлишган.
Аёллардан бири Жогорку Кенеш биносининг кириш қисми олдида парламент ходимининг курткасини ушлаб, унга Сооронбай Жээнбековни топиб бериши талаб қилган.
Милиция ҳозирда парламентнинг ходимларига қўл кўтарган бошқа одамларнинг шахсини аниқламоқда.
Садир Жапаровни қўллаш митинги 2-мартда Бишкекнинг “Ала-Тоо” майдонида ўтган. Унга Жапаровнинг 1500 нафардан ортиқ тарафдори келиб, сиёсатчини қамоқдан чиқаришни талаб қилишган.
Тинч бошланган митинг кечга яқин Жапаровни тарафдорларининг милиция билан тўқнашувига бориб етган. Митингчилар уларга президент ёки ҳукуматнинг бошқа вакиллари чиқмаганидан норози бўлишган.
Жапаровнинг норози бўлган тарафдорлари Оқ уйнинг ҳудудига киришга ҳаракат қилишган. Милиция ходимлари уларни тўхтатишга ҳаракат қилганда, митингчилар уларга тош ирғита бошлашган. Натижада митинг иштирокчиларини махсус воситалар — сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газ билан қувиб тарқатишган.
Жапаров аслида ким?
Жапаров — Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевга қарши бўлган сиёсатчи. 2018 йили Олий суд уни Қоракўл ва Сару қишлоғида “Қумтор” олтин конини миллийлаштириш бўйича митингини уюштиришда айбдор деб топган.
Бундан ташқари, тергов версиясига кўра, Жапаров телефондан митинг иштирокчиларига Иссиқкўл вилоятининг ўша вақтдаги губернатори Эмилбек Каптагаевни гаровга олиш бўйича топшириқ берган.
Каптагаев ўзи 2019 йилнинг сентябрь ойида Жапаровга нисбатан даъвоси йўқлигини айтиб, ҳукуматдан сиёсатчининг ишини қайта кўришни илтимос қилган.
Бироқ, суд бари бир Садир Жапаровни 11,5 йилга озодликдан ажратиб, ундан кейин қамоқ муддати 10 йилга қадар қисқартирган.
2019 йили ноябрда Жапаров президентлик хизматига Атамбаевнинг ўрнига келган давлат раҳбари Сооронбай Жээнбековдан шафқат сўраган. Сиёсатчи мурожаатини оиласидаги вазият оғир бўлаётганлиги билан тушунтирган.
Жапаров қамоқда ўтирганда отаси ва онаси вафот этган, ўғилларидан бири эса авариядан ҳалок бўлган. Чунки президент Жээнбеков сиёсатчининг мурожаатига ҳеч қандай реакция қилганича йўқ.
Муаллиф: Наргиза Корголдоева