Бош прокуратурадан билдирилишича, текширув давомида Ўш ва Қоракўл шаҳридаги Паспортлаштириш ва фуқароларни қайд этиш бўлимининг ходимлари янги рўйхатдан ўтган фуқароларни уй эгаларининг изнисиз рўйхатга қўйишгани аниқланди. Шунингдек рўйхатга олиш қонунда кўзда тутилган тегишли ҳужжатларсиз ўтказилган.
“Ўш шаҳрининг манзилларидан бирида 700дан, иккинчи манзилда 1000дан ортиқ фуқаро қайдга олингани аниқланган. Аммо ҳозирда бу манзилларда ҳеч ким яшамайди. Яна бир ҳолатда бир уйда 900 нафардан ортиқ фуқаро рўйхатга олинган, аммо уй эгасининг бу бўйича хабари йўқ ва рухсат ҳам бермаган”, — деб ёзилган Бош прокуратуранинг пресс-релизида.
Қоракўл шаҳридаги таълим масканларидан бирида эса турар жой бўлмаган ерга 100дан ортиқ фуқаро қайд этилган. Улар ҳам ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз рўйхатга олинган.
Мазкур фактлар бўйича Ўш шаҳрининг ва Иссиқкўл вилоятининг прокуратураси Паспортлаштириш ҳамда фуқароларни рўйхатга олиш бўлимининг айрим ходимларига “Лавозимини суиистеъмол қилиш” моддаси билан иш қўзғаб, судгача текширув бошланди.
Бунга қадар Давлат рўйхатга олиш хизмати 12-апрелда маҳаллий кенгашларга сайлов ўтувчи шаҳарларга фуқароларнинг оммавий турда рўйхатга олингани бўйича хизмат текшируви ўтказила бошлаган. Бу бўйича Ўш, Қоракўл ва Тўқмоқдаги фуқароларни қайд этиш бўлимининг етакчилари хизматларидан вақтинча четлатилган.
Йилнинг бошидан 13-февралга қадар янги қайдга турган фуқароларнинг сони Ўш шаҳрида 35 895, Тўқмоқда 6 745 ва Қоракўлда 3 159 фуқарога етди.
Муаллиф: Байкал Топчубаев