Спортчи Рахманберди ўғли ва собиқ божхона ходими Кимсанов қидирувга берилган

411
Рахманберди ўғли ва Кимсанов

Ички ишлар вазири Кашкар Жунушалиев спортчи Тологон Рахманберди ўғлининг ҳамқишлоқлари билан учрашди. Бунга қадар Алай туманининг Арпа-Тектир қишлоғи турғунлари президент Сооронбай Жээнбековга мурожаат қилиб Рахманберди ўғлига доир ишни назоратга олишни илтимос қилган. 

Учрашувда Жунушалиев, спортчи Тологон Рахманберди ўғли билан Ўш божхонасининг собиқ ходими Эмилбек Кимсанов Бишкекнинг турғуни Автандил Конгантиевни калтаклашда гумонлашаётганини айтиб, уларга қидирув эълон қилинганини билдирди. Шунингдек у қонун доирасида қатъий ва адолатли қарорларни қабул қилишини айтди. 

Автандил Конгантиев — собиқ ички ишлар вазири Молдомуса Конгантиевнинг ўғли. 

«Агар улар айбсиз бўлса, гуноҳимиз йўқ, айтадиган гапимиз бор дейишса, у ҳолда бизга, ҳуқуқ тартибот органларига келсин, қочмасин арз-додини очиқ айтсин. Биз адолатли тергов қиламиз ва ким бўлмасин айби исботланадиган бўлса, жазосини тортади. Ҳеч кимнинг, ҳеч қандай мақомига, алоқаларига, қариндошлик алоқаларига қарамаймиз», — деб ишонтирди Жунушалиев.

Матраимовларга боғлиқ уч мурожаат 

14-февралда спортнинг қоидасиз жанг тури бўйича курашчи Тологон Рахманберди ўғли Матраимовнинг устидан шикоят қилди. У видео мурожаатида “Ўшда одамлар Матраимовларнинг кланидан қўрқиб яшашаётганини” билдирган.

Шундан кейин Арпа-Тектир қишлоғи турғунлари ҳам Рахманберди ўғлини қўллаб, президентга мурожаат қилиб видео чиқаришган.

“Биз укамиз Рахманберди ўғли Тологонга Ўшда Райим Матраимовнинг қўлловчилари, Қилич Саркарбаев, Нурбек Райимбеков, Мунар Матраимовлар тарафидан таҳдидлар бўлаётганидан хавотирдамиз. Сооронбай Шарипович, шу ишни ўз назоратингизга олишингизни илтимос қиламиз”, — деб мурожаат қилишган президентга алайликлар.

Ўша куни президентга Эмилбек Кимсановнинг укаси Эмирбек Кимсанов ҳам мурожаат қилган. У акаси Эмилбек Райимбек Матраимов тарафдан бўлаётган тазйиқ сабаб ўлкадан чиқиб кетишга мажбур бўлганини билдирган. 

Кўп ўтмай ИИВ ва Ўш вилоят ИИБи видеомурожаатлар бўйича текширув бошланганини хабар қилган. Депутат Искендер Матраимов — Божхона хизмати етакчисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовнинг акаси — уларнинг оиласига қарши криминални қўлланиш харакати бўлаётганини билдириб, юқоридаги мурожаатларни қоралаш қатори баҳолаган

Муаллиф: Байкал Топчубаев