Милиция Кимсановнинг Матраимовларни таҳдидларидан шикояти бўйича судгача текширув бошлади

375

Ўш божхонасининг собиқ ходими Эмилбек Кимсановнинг укаси Эмирбек Кимсанов президентга мурожаат қилиб, акаси Матраимовларнинг таҳдидларига дучор бўлаётганини билдирган. Бу мурожаатдан кейин Ўш вилояти ИИБи 17-февралда «Безорлик» моддаси билан судгача текширув бошлади. 

Вилоят милициясининг матбуот котиби Жениш Аширбаевнинг айтишича, милиционерлар Эмилбек Кимсановнинг Қорасувдаги уйига боришганда унинг қариндошлари уй эгалари чет элга чиқиб кетишганини билдиришган.

Аширбаев билдирганидек, Кимсановларнинг манфаатини судда ҳимоя қилиш учун адвокат Назгул Суйунбаева тайинланди.

«Қаматаман ёки ўлдираман»

Эмирбек Кимсанов — Давлат божхона хизматининг Ўш вилоятидаги бошқармасининг собиқ ходими Эмилбек Кимсановнинг укаси. У 15-февралда акаси Эмилбек Райимбек Матраимов тарафдан бўлаётган тазйиқ сабабдан мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлганини билдирган. 

Унинг айтишича, акаси “Матраимовнинг коррупция схемаларида иштирок этмаслик учун” 2018 йилида “ўз хоҳиши билан” хизматдан кетган. Аммо январда Матраимов Эмилбекка янги иш таклиф қилиб, у бош тортгандан кейин таҳдидлар қилиниб, рафиқасини калтаклаб кетишган.

Аввалроқ президентга «Матраимовлар кланидан қўрқиб яшаб қолдик» деган тарзда спортчи Тологон Рахманберди ўғли ҳам мурожаат йўллаган. Унинг видеомурожаатини Эмилбек Кимсанов фейсбук саҳифасида эълон қилган. 

Кўп ўтмай ИИВнинг матбуот хизмати спортчи Тологон Рахманберди ўғли 2018 йилнинг 28-декабрида Аламудун туманининг Лебединовка қишлоғида Бишкек шаҳри яшовчисининг танасига жароҳат келтиришга алоқаси борлигини билдирган. Бу воқеага Эмилбек Кимсановнинг ҳам алоқаси бор бўлгани айтиб келинади. Вазирлик Рахманберди ўғли «жиноий жавобгарлигидан қутилиш учун ва жамоатчиликни адаштириш билан ҳуқуқ тартибот органларини қоралаш мақсадида видеомурожаат қилган» деб ҳисоблайди.

Матраимовларнинг клани

Матраимовлар мамлакатда бой ва энг нуфузи кучли оилалардан бири деб ҳисобланилади.

Раймбекнинг акаси — Искендер Матраимов — парламентнинг депутати. У Жогорку Кенешнинг Уюшган жиноятчиликка ва коррупцияга қарши қўмитанинг аъзоси. Матраимовларнинг яна бири — Ислам — кўп вақтдан бери финполда ишлаб, у ердан Матраимовлар мулки текширила бошлагандан кейин кетган.

Ака-ука Матраимовларнинг бошқа яна икки укаси — Тилек ва Руслан — Ўш вилоятида ишлайди. Биринчиси ака-укалар туғилган Қорасув туманини бошқаради, иккинчиси эса оилавий “Ысмайыл ата” хайрия фондини бошқаради.

Райимбек Матраимов эса аввал божхона етакчисининг раҳбар ўринбосари бўлган — ҳозирда у бизнес билан шуғулланаётганини билдириб келади.

Муаллиф: Жийдегул Садридин қизи