Давлат рўйхатга олиш хизматининг (ДРХ) етакчиси Тилек Батирканов парламент йиғинида Ўш шаҳрида йил бошидан 11-февралга қадар 33 мингдан ортиқ фуқаро рўйхатга турганини хабар қилди. Бу жорий йилнинг 12 апрелида ўтувчи Шаҳар кенгашига сайлов билан боғлиқ бўлиши мумкин. Биз овозларни ҳисоблашда бу қанчалик таъсир беришини тушунтириб берамиз.
Хавфсирашга асослар бор
Маҳаллий кенгашларга сайлов Ўшдан ташқари яна бир неча шаҳарларда ва қишлоқларда ўтади. Охирги ойда сайлов ўтувчи шаҳарларда ҳам янги рўйхатга ўтувчи фуқароларнинг сони ўсмоқда.
Масалан, Тўқмоқ шаҳрида йилнинг бошидан бери 7 мингга яқин фуқаро, Қоракўлда эса 3 мингга яқин одам рўйхатга турган. Балиқчида эса 489 ва Майлисувда 272 янги турғун қайдга турган.
2020 йилнинг 1-январига қадар Ўшда 222 мингга яқин сайловчи рўйхатдан ўтган. Янги йилдан кейин сайловчиларнинг умумий сони 13%га ўсган — 256 минг фуқаро.
Айни йиғинда Марказий сайлов комиссиясининг етакчиси Нуржан Шайлдабекова апрель ойида маҳаллий кенгашга сайлов ўтувчи ҳудудларда рўйхатга турган фуқароларнинг сони кўпайганини тасдиқлаган. Аммо у бу кўриниш сайловнинг натижасига таъсир этмаслигига ишонади.
«[Рўйхатга турган] фуқароларнинг кўпи рўйхатга тургани билан, паспортида манзил алмашмаган. [...] “Маҳаллий кенгашларнинг депутатларини сайлаш ҳақида” қонунида сайловчиларнинг рўйхатига биргина маҳаллий жамоатнинг аъзоси киргизилиши айтилган, у паспортдаги белгиси билан аниқланади», — деди Шайлдабекова.
Паспортда рўйхатга турган ерини алмаштириш учун аввал янги паспорт олиш керак эди. Аммо бу ҳолат 2004 йилги паспортларнинг русуми учун бўлган.
2017 йилнинг русумидаги ID-картада манзилни алмаштирганда янги паспорт олиш шарт эмас. Паспортлаштириш ва халқни рўйхатга олиш хизматлари фуқаронинг янги манзили бўйича маълумотини ID-картанинг чипидагина алмаштириб қўя олишади.
2017 йилдан бошлаб янги русумдаги паспорт 1,7 миллиондан ортиқ фуқарога берилган.
«Резина уйлар» ва уларга қарши қандай курашса бўлади?
Депутат Абдивахап Нурбаев айрим бир паспортлаштириш бўлимининг ходимлари ўз уйларига 500 нафаргача фуқароларни рўйхатга олаётганини айтиб, Давлат рўйхатга олиш хизматининг раҳбар ўринбосраидан бу ишнинг қонунийлигини сўради.
Тилек Батиркановнинг жавобига кўра, қонун фуқарога истаган ерига рўйхатдан ўтиш имкониятини беради, бу вазиятда уларга уй эгасининг розилиги керак бўлади.
Кейинчалик Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси Атир Абдирахматова «Ачык шайлоо KG» саҳифасида Ўшда уйларнинг бирида 1300 киши рўйхатдан ўтган факти аниқланганини хабар қилган.
МСКнинг бошқа аъзоси Кайрат Осмоналиев «Клооп»га тушунтириб беришича, Турар жой кодексига кўра, бир уйда бир одам учун 12 квадрат метрдан кам бўлмаган ўрин ажратилиши керак. Аммо айни вақтда қонун рўйхатга олиш мумкин бўлган одамларнинг сонини чекламайди — шу сабабдан «резина уйлар» пайдо бўлади.
Осмоналиев Турар жой кодексида кўрсатилган нормалардан ошиб кетганда фуқароларни доимий асосда рўйхатга ўтказишни ҳукумат қарорининг миқёсида тақиқлашни таклиф қилди — аниқроғи, агар бир кишига 12 квадрат метрдан оз ер тўғри келса, унда фуқарони рўйхатдан ўтказмаслик керак.
«Акс ҳолда биз сайловнинг адолатлигига эриша олмай қоламиз. Чунки сайловчилар де-юре овоз бера олгани билан, де-факто улар маҳаллий жамоатнинг аъзоси эмас», — дейди Осмоналиев
Парламентнинг депутати Жанар Акаев масалани хал қилишнинг радикалроқ йўлларини таклиф қилди. Унга кўра, шаҳарда охирги ярим йил ичида рўйхатга турганлар овоз бериш ҳуқуқидан ажратилади. Унинг ҳамкасби Дастан Бекешев эса сайловчиларга ҳам, номзодларга ҳам ўтроқлашиш ҳадшартини киргизишни таклиф қилди.
«Бўлмаса бошқа ҳудудлардан номзодни олиб келиб, “мана, шу сизларнинг депутатинглар бўлади” дейишади», — деди Бекешов.
* Ўтроқлашув ҳадшарти — сайлов вақтида фуқаронинг актив ёки пассив сайлов ҳуқуқига эга бўлиши учун маҳаллий ерда ёки мамлакатда аниқланган муддатда яшаш талаби.
Жиноий ишлари қўзғалган, аммо ҳеч ким жавобга тортилганича йўқ
Бу орада Бош прокуратура Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасида овозларни сотиб олиш бўйича судгача текширув ишлари бошланганини билдирди. Маълум бўлишича, шаҳар кенгаши депутатларининг тарғиботчилари ҳудуддан келган талабаларнинг паспортларини шаҳарга қайд этиш учун тўплай бошлашган.
Сайловга қатнашиб, «керакли номзодларга» овоз берган талабаларга ўқишларида имтиёзлар берилиши айтилиб, пул ҳам таклиф қилинган. Айрим тарғиботчилар эҳтимол номзодларнинг — «Онүгуу-Прогресс»дан Абдисаит Каримбековнинг ҳамда «Бир Бол» партиясидан Эрнис Кулназаровнинг исм-фамилиясини ҳам аташган. Таклифни рад этган талабалар университет раҳбарияти тарафидан «сессиядан қулатилади» деб таҳдид қилинган.
Бироқ, текширув иши асносида ҳуқуқ тартибот органи «паспортлаштириш ҳамда фуқароларни рўйхатга олиш бўлимининг етакчисига қонун бузарликка йўл қўймаслик керак» дебгина огоҳлантирган.