“Уларга қонун ишламайди”. Охирги кунлари Матраимовлардан шикоят қилиб президентга уч мурожаат йўлланди

498
Чапда Искендер Матраимов, ўртада укаси Райимбек. Қорасувдаги спорт мусобақаси

Ўтган дам олиш кунлари ўнлаган одам божхона етакчисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов, унинг атрофидагилар билан оиласиннг босимидан шикоят қилиб чиқди. Матраимовлар — ўлканинг жанубида энг нуфузли оилалардан бири бўлиб ҳисобланади — унинг оила аъзолари Қорасув туманининг ҳокимидан бошлаб, парламент депутатига қадар сиёсий ва амалдорлик лавозимларини эгаллашган.

Ҳасса таёқдаги қоидасиз жанг спортчиси

14-февралда спортнинг қоидасиз жанг тури бўйича курашчи Тологон Рахманберди ўғли Матраимовнинг устидан шикоят қилди. У видео мурожаатида “Ўшда одамлар Матраимовларнинг кланидан қўрқиб яшашаётганини” билдирган.

“Биз бугун ноқонуний ўлкада яшаётганимизни тушунмай қолдик. Ўшда, ўлка жанубида Матраимовларнинг оиласидан, Матраимовлар кланидан қўрқиб яшайдиган бўлиб қолдик”, — деб билдирган у.

Бундан ташқари, спортчи Ўш мэриясининг жисмоний тарбия қўмитасининг етакчиси Қилич Саркарбаев уни “ўтган йили сентябрда тўпонча билан оёғига отиб, ариза ёзсанг ўлдирамиз деб қўрқитганини” тасдиқлаган. Ўш мэриясининг амалдори божхона етакчисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов эгалик қилган EREM спорт клубида шуғулланиб юргани айтиб келинади.

Спортчини ҳамқишлоқлари қўллаб чиқишди

Эртасига, 15-февралда, Алай туманининг Арпа-Тектир қишлоғи турғунлари ҳам Рахманберди ўғлини қўллаб, президентга мурожаат қилиб видео чиқаришган.

“Биз укамиз Рахманберди ўғли Тологонга Ўшда Райим Матраимовнинг қўлловчилари, Қилич Саркарбаев, Нурбек Райимбеков, Мунар Матраимовлар тарафидан таҳдидлар бўлаётганидан хавотирдамиз. Сооронбай Шарипович, шу ишни ўз назоратингизга олишингизни илтимос қиламиз”, — деб мурожаат қилишган президентга алайликлар.

Ўлим таҳдидлари

Айни кунда президентга Эмирбек Кимсанов ҳам мурожаат қилган. У Давлат божхона хизматининг Ўш вилояти бўйича бошқармасининг собиқ ходими Эмилбек Кимсановнинг укаси. У акаси Эмилбек Райимбек Матраимов тарафидан бўлаётган босим сабабли мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлганини билдирган.

Кимсановнинг айтишича, акаси “Матраимовнинг коррупция схемаларида иштирок этмаслик учун” 2018 йилида “ўз хоҳиши билан” хизматдан кетган. Аммо январда Матраимов Эмилбекка янги иш таклиф қилиб, у бош тортгандан кейин таҳдидлар қилиниб, рафиқасини калтаклаб кетишган.

“Матраимовлар Қирғизистон қонунини қандайдир йўллар билан сотиб олганми ёки Матраимовларга қонун ишламайдими? [...] Акам “Райимнинг коррупция ишларига аралашмайман” деб бош тортгандан кейин Матраимовлар оиласи тарафидан турли тазйиқлар, таҳдидлар бўлмоқда. Райим “Менга ишламасанг сени қаматаман ёки ўлдираман” деган таҳдидлар қилмоқда. [...] Шунинг учун акам мажбурликдан ташқарида юрибди”, — деб билдирган у.

Матраимовларнинг клани

Матраимовлар мамлакатда бой ва энг нуфузи кучли оилалардан бири деб ҳисобланилади.

Раймбекнинг акаси — Искендер Матраимов — парламентнинг депутати. У Жогорку Кенешнинг Уюшган жиноятчиликка ва коррупцияга қарши қўмитанинг аъзоси. Матраимовларнинг яна бири — Ислам — кўп вақтдан бери финполда ишлаб, у ердан Матраимовлар мулки текширила бошлагандан кейин кетган.

Ака-ука Матраимовларнинг бошқа яна икки укаси — Тилек ва Руслан — Ўш вилоятида ишлайди. Биринчиси ака-укалар туғилган Қорасув туманини бошқаради, иккинчиси эса оилавий “Ысмайыл ата” хайрия фондини бошқаради.

Райимбек Матраимов эса аввал божхона етакчисининг раҳбар ўринбосари бўлган — ҳозирда у бизнес билан шуғулланаётганини билдириб келади.

“Азаттык” радиоси 2019 йили майда Қирғизистондан чиқариб кетилган 700 млн доллар ва унга Матраимовларнинг алоқаси бўлиши мумкинлиги ҳақида суриштирув эълон қилган. Кейинчалик Матраимовлар пулларнинг чиқарилишига алоқаси йўқлигини билдириб, финпол эса журналистларнинг далилларини текшириб, чет ўлкада Матраимовларнинг мулки топилганини билдирган.

Бундан ташқари, 2019 йили кузда “Азаттык”, “Клооп” ҳамда OCCRP “Буюк Ипак йўлидаги контрабанда, коррупция ҳамда кланлар” деган номда журналистик суриштирув чиқариб, хитойлик тадбиркор Хабибулла Абдуқодирнинг Қирғизистондаги таъсири кучли амалдор Райимбек Матраимов билан алоқаси ҳақида айтиб берган.

Журналистларнинг маълумотчиси — Айэркин Саймаити — мамлакатдан ноқонуний йўл билан 700 млн доллардан ортиқ пул чиқариб кетганини тан олиб, коррупция тизими ўша вақтда божхона етакчисининг ўринбосари бўлиб турган Райимбек Матраимовнинг ёрдами билан тартибга солинганини айтиб берган.

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев вориси Сооронбай Жээнбеков билан, асосийсини айтган, у Матраимов билан “дўст” эканлиги учун тортишиб кетган. Атамбаев бир неча бор Жээнбековни Матраимов билан алоқаси бор деб айблаб, Райимбек Матраимовни Райим миллион деб атаган.