«Балки шамол учиргандур ёки кимдир олиб кетган». Жалолободда бекатнинг томини қидиришмоқда

529
Жалолобод шаҳридаги бекат. Сурат: Мирбек Уметалиев

Ижтимоий тармоқнинг қўлланувчиси Мирбек Уметалиев 13-февралда ўз саҳифасига Жалолобод шаҳридаги кўчаларнинг бирида томи йўқ турган бекатнинг суратини эълон қилди.

«Бу бекатнинг қуриб битказилганига 2 ойдан ўтиб қолди, томи йўқ бекатми? Ёки томини биров еб қўйганми?», — деб савол ташлаган Уметалиев.

Жалолобод шаҳар мэриясининг матбуот котиби Азамат Жээнбеков «Клооп»га бу бекат шаҳарнинг Байзаков кўчасида жойлашганини билдирди. Бекатнинг томи эса йўқолганига икки ҳафта бўлиб қолди деб ишонтирди.

«Бекат 2019 йилнинг куз ойларида қурилиб, фойдаланишга берилган. Бекатнинг томи нима бўлиб йўқолгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Томни биров кўтариб кетдими ёки шамол қулатиб ташлаганми номаълум. Ҳозир нима сабабдан бундай бўлганини аниқлаяпмиз», — деди Жээнбеков.

Шунингдек Жээнбеков бекат 2-3 куннинг ичида янги том билан ёпилишини билдирди.

                                                                                      Муаллиф: Орозгул Анарбай