Саймаитининг ўлими бўйича депкомиссиянинг йиғинига Матраимовни чақириш таклиф қилинди

687

Бизнесмен Айэркен Саймаитининг ўлдирилиш иши юзасидан парламент комиссиясининг йиғинида божхона етакчисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовнинг кўрсатмаларини тинглаш таклиф қилинди.

Айэркен Саймаити

Айэркен Саймаити — пулнинг изини яшириш бўйича ўзини мутахассис деб атаган тадбиркор. У берган ҳужжатлар  «Азаттык», «Клооп» ва OCCRPнинг қирғиз божхонасидаги коррупция бўйича журналистик суриштирувига асос бўлган.

Райимбек Матраимов бу суриштирувнинг фигурантларидан бири бўлган — Саймаитининг айтишича, у божхонадаги коррупцияни ҳимоялаб, бунинг натижасида яширин карго империяси юз миллионлаган доллар даромадга эга бўлган.

Саймаити ўтган йилнинг 10-ноябрида Истамбул шаҳрида отиб ўлдирилган.

Мирлан Жээнчороев

Парламент комиссиясининг йиғинига Матраимовни чақириш таклифини депутат Мирлан Жээнчороев берган. Бундан ташқари, сиёсатчида депутат Дуйшон Торокуловга ҳамда Алтинбек Сулаймановга ҳам саволлари бор. Иккиси ҳам Саймаити билан боғлиқ бўлиши мумкин — унинг ўлимидан кейин ижтимоий тармоқларда бизнесмен билан Торокуловнинг бирга тушган сурати пайдо бўлган, Сулайманов эса Саймаити билан таниш бўлганини тан олган.

Айни вақтда бизнесменнинг ўлими бўйича ишга оид комиссия тузишни Сулайманов ўзи таклиф қилиб, аммо Райимбек Матраимовнинг депутат акаси Искендер Матраимов каби унинг таркибидан кетишга мажбур бўлган.

Дуйшон Торокулов

Саймаитининг ўлими бўйича комиссиянинг навбатдаги йиғини бугун, 31-январда парламентда ўтмоқда. Йиғинга чақирилган «Азаттык» радиосининг директори Айзада Касмалиева Саймаити суриштирувчи журналистлар билан ўзи алоқага чиққанини айтди.

Бундан ташқари, Касмалиева Саймаити — божхонадаги коррупция ҳақида айтиб беришни истаган кўплаган одамларнинг бирисигина бўлганини айтди.

Матраимов комиссиянинг йиғинига қачон чақирилиши ва у келадими ёки йўқми номаълум. Бугун ўтаётган йиғинга Касмалиевадан ташқари ҳуқуқ тартибот органларининг вакиллари ҳам чақирилган — уларнинг орасида МХДҚнинг вакиллари ҳам бор.

Журналистларга қарши суд

Искендер ва Райим Матраимовлар

Райимбек Матраимов ва унинг қариндошлари божхонадаги коррупцияга алоқаси бор бўлганини инкор қилишмоқда.

Матраимовларнинг оиласи ва уларнинг фонди ўтган йилнинг декабридан бошлаб «Азаттык», «Клооп», ундан ташқари, журналист Али Токтакунов ҳамда 24.kg нашри билан судлаша бошлаган.

Бу ҳафтада медиа нашрларнинг адвокатлари бу суд жараёнини холислигига гумон бор деб билдиришган,  «Чегарасиз мухбирлар» халқаро ташкилоти эса Матраимовларнинг даъвосини «абсурд» деб атаб, Свердлов туман судини буни бекор қилишга чақирган.

Матн устида ишлаганлар: Айдай Иргебаева, Бектур Искендер