Финразведка: «700 млн доллар — бу Қирғизистоннинг бюджетидаги пуллар эмас»

602

Айэркен Саймаитининг ўлимини суриштирув бўйича депутатлар комиссиясининг 21-январда ўтган йиғинига Миллий банкнинг, Божхона хизматининг ва Финразведканинг вакиллари чақирилган.

Финразведка тушунтиришича, «Азаттык», «Клооп» ва OCCRP ҳамкорлигида чиқарилган журналистик суриштирувда айтилган 700 млн доллар — бу Қирғизистоннинг давлат бюджетидаги пул эмас, аниқроғи бизнинг ўлкадан чиқарилган эмас.

Муассаса ҳозирда 700 млн доллар кимга тегишли эканини ва уларнинг изи Қирғизистонда яширилиб-яширилмаганини аниқламоқда.

Финразведка бунга қадар ҳисобот бериб, унда Матраимовларнинг чет ўлкада мулки йўқ деб айтилган. Аммо суриштирувчи журналистлар Дубайда Райимбек Матраимовнинг рафиқаси Уулкан Тургунованинг кам деганда бир неча мулки бор эканини аниқлашган.

Ноқонуний чиқариб кетилган миллиард

2019 йилнинг кузида Финполиция бизнесмен Айэркен Саймаити ўлкадан 932 миллион 736 минг долларни ноқонуний чиқариб кетганини тасдиқлаган. Ўшанда, Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш бўйича давлат хизмати (финпол) «Азаттык», OCCRP ва «Клооп»нинг журналистик суриштирувида айтилган фактлар бўйича судгача тергов бошлаган.

Эртасига, иқтисодий ва фискал сиёсати бўйича қўмитанинг йиғинида парламентнинг депутати ва Райимбек Матраимовнинг акаси Искендер Матраимов Финполнинг етакчиси Бакир Таировни Матраимовлар оиласининг Қирғизистондан чиқарилиб кетган 700 млн долларга алоқаси борлигини тасдиқлаганида айблаган.

«Финполициянинг етакчиси [Матраимовлар] оиласи барча нарсага айбдор деб, бизни контрабандада айблади. Қандай ҳақингиз бор?» — деб Таировга мурожаат қилган.