Маданият ва маориф ходимлари Ататурк паркидан олган ерлари бўйича қандай жавоб беришди?

39
Ататурк паркидаги уй. «Клооп» учун Светлана Зеленскаянинг сурати

«Клооп»нинг журналистлари Бишкек шаҳар мэрияси узоқ йиллардан бери Ататурк паркидаги участкаларни хусусий шахсларга тарқатиб келганини аниқлаган. Парк ерларини депутатлар, бизнесменлар, судялар ва давлат хизматчилари, шунингдек уларнинг қариндошлари олган.

Уларнинг баъзилари олинган участкаларда турар жойлар қуришган, бошқалари эса ерларини сотиб юборишган. Биз бугунги мақолада аввал паркдан ер олган маданият арбоблари ҳамда маориф тармоғида ишлаган ходимлар ҳақида айтиб берамиз. 

Университет профессори

2003 йилнинг ноябрида Чинарбубу Түлеева Бишкек мэриясидан майдони 1000 квадрат метрни ташкил қилган участкани бепул олган. У ўша вақтда Қирғиз  архитектура ва қурулиш институтида чет тиллар кафедрасининг раҳбари бўлиб турган. 

2018 йилнинг декабрида Тулеева Ататуркдаги ер ҳеч қачон унга тегишли бўлмаганини «Клооп»нинг журналистларига айтган. «Мен умуман ҳеч нарса билмайман. Хатто эсимда ҳам йўқ, мен у ерда яшамайман», — деб билдирган у.

Бироқ, 2019 йилнинг ёз мавсумида бошқа журналистга берган интервьюсида, мэриядан чиндан ҳам бепул ер олганини тан олган. 

«[Университетда] кафедранинг раҳбари бўлиб ишлаб турганман, менга бир ер цчасткаси берилиши керак эди. Одамлар юзлаган участка олишиб, гектарлаб олишади, менга эса кичкинагина ер беришган. У ердан менгина эмас — жуда кўп одамлар ер олишган», — деган Тулеева.

Унинг айтишича, мэрия унинг ерини 2006 йили қайтариб олган  — ўша вақтда у университетдан кетган эди. Аммо «Клооп»нинг қўлига теккан ҳужжатларга кўра, Тулеева участкани сотиб юборган. 

Университетнинг ректори

Жумабек Тентиев майдони 880 кватрат метр бўлган участкани 2003 йили бепул олган. У ўша вақтда Қирғиз архитектура ва қурулиш институтида ишлаб турган. 

Тентиев 1996 йили сайлгоҳга қарашли ерининг бир қисмини университет учун янги кампуснинг қурулишига бўлиб бериш илтимоси билан ҳукуматга мурожаат қилган. Участка бўлиб берилиб, у ерда стадион, лаборатория, маъмурият биноси, амфитеатр ҳамда масжид қуриш режалаштирилган эди. 

Бироқ, олинган ерда буларнинг ўрнига масжидгина қурилган. Бундан кейин мэрия участкани ўзига қайтариб олган, сўнгра бўлиб-бўлиб ҳусусий тарафларга тарқатиб юборган. Тентиев ўзи ҳам ерларнинг бир қисмини олган.

Орадан тўрт йил ўтгандан кейин Тентиев бу участкани Айжангил Садибакасова исмли шахсга сотган. Ернинг янги эгаси у ерда катта уй қура бошлаган. 

«Мен [Қирғизистоннинг] фуқаросиманми ё йўқми? Йўқ, мен Қирғиз Республикасининг фуқароси эканимни тушуняпсизларми? Мен ўн йил бўйи депутатлар комиссиясини бошқарганман — кейин ўзимга кичкина ер ола олмайманми?» деб айтган Тентиев «Клооп»нинг журналистига.

Шоир

Вячеслав Шаповалов шоиргина эмас, таржима назариялари ҳақида илмий мақолаларнинг ҳам муаллифи, шунингдек Қирғиз миллий университетининг собиқ проректори. 

2004 йили мэрия унга 800 квадрат метрли участкани бепул берган. Аммо у участкани беш ой ўтгандан кейиноқ сотиб юборган. Бу ерда халигача ҳеч нарса қурилмаган. 

Шаповалов «Клооп»нинг журналистига тушунтиришича, у учун мэриядан ерни университет сўраган ва бу илтимос узоқ вақтдан кейин бажарилган. Унинг айтишича, у участкада уй қурмоқчи бўлган, аммо кейин бу фикридан воз кечиб, ерини «катта бўлмаган пулга» сотиб юборган. 

«Ватани учун кўп нарса қилган Қирғизистоннинг таниқли фуқароларини ер участкалари билан мукофотлашган. Менинг фикримча, агар мен фан доктори, профессор, бир неча академиянинг мухбир-аъзоси, давлат ва халқаро мукофотларнинг лауреати в.ҳ.к.з. бўлмасам, у ҳолда мен бу участкани олмас эдим», — деди Шаповалов.

Опера қўшиқчиси

Кайиргул Сартбаеванинг исми совет даврида машҳур бўлган, у опера ижрочиси қатори танилган. Мэрия Ататурк паркидаги 800 квадрат метр ерни унга 2004 йили бепул берган. 

Орадан тўрт йил ўтгандан кейин Сартбаева Мээрим Бейшенова исмли шаҳсга участкани совғага берган. Аммо иккисини нима боғлаб туриши номаълум. Бугунги кунда участкада қуруб битказилмаган уй бор. 

Сартбаева журналистларнинг изоҳ бериш ҳақидаги илтимосига жавоб бергани йўқ. 

Пианиночи қиз 

Айтурган Турапова — опера қўшиқчиси ва парламентнинг собиқ депутати Каримберди Тураповнинг қизи. Ҳозирда Турапов Қирғиз миллий опера ва балет театрини бошқаради. 

Унинг қизи паркдан 800 квадрат метрни ташкил қилган участкани 2005 йили олган, у ўшанда 17 ёшда бўлган. Турапова паркдан ер олганларнинг ичида энг ёши. 

Турапова участкасига ҳеч нарса қурмай 2011 йили сотиб юборган. Ер участкасининг янги эгаси участкага элита уй қура бошлаган, аммо қурулиш ишлари якунига етмаган. 

Журналистлар Тураповадан участка ҳақида изоҳ олиш учун у билан инстаграм орқали боғланишган. «Э, худо, йўқ, бўлмаган. Бу мавзу бўйича ҳеч нарса айта олмайман, кечирасиз», — деб ёзган у.

Журналист унга участкани бериш ҳақидаги мэрия фармонининг кўчирмасини жўнатгандан кейин Турапова мухбирнинг аккаунтини блоклаб қўйган. 

                                                                               Муаллиф: Рустам Халимов

МАВЗУ БЎЙИЧА:

Ататурк паркидаги собиқ амалдорларнинг участкалари. Улар сайлгоҳ ерларини қандай олишган?